Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурафшон шаҳар давлат хизматлари марказида байрамона тадбир ташкил этилди. Унда дастлабки субсидияга эга бўлган фуқароларга маълумотномалар тарқатилди, шунингдек, 3 эгизак фарзандли бўлган оилаларга гувоҳномалар топширилди.
Бу давлат хизматлари маркази томонидан аҳолига кўрсатилаётган эътибор ва қулайликнинг ёрқин намунасидир. Наврўз – янгиланиш ва янги умидлар рамзи, Ҳайит эса бағрикенглик ва эзгулик тимсоли сифатида барча иштирокчиларга илиқлик ва барака олиб келди.

***
Тошкент вилоят судида Наврўз умумхалқ байрами ва Рамазон ҳайити бу йил ўзгача халқ сайли тарзида ўтказилди. Қозонларда, сумалак,ош, ҳалим каби таомлар осилиб, ҳар бир туман (шаҳар) судлари судья ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари ўзига хос миллий руҳда безатилган байрам дастурхони билан иштирок этди.
Байрам баҳона суд соҳаси фахрийлари, кенг жамоатчилик, дўстлар, ҳамкасблар дийдорлашди. Турли спорт мусобақалари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди. Эл ардоғидаги санъаткорларнинг бадиий чиқишлари эса байрамга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.

***
Бош прокурор ўринбосари С.Самадов томонидан Тошкент вилоятида давлат дастурлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Хусусан, Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасини реконструкция қилиш ишлари билан танишилиб, масъулларга ишларни белгиланган муддатда ва сифатли амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, Зангиота тумани, "Намуна" МФЙда хорижий маблағлар ҳисобидан ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13 февраль куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Янгийўл шаҳридаги кичик саноат зонасида рухсатсиз қурилган объектлар бирма-бир кўздан кечирилиб, шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштириш ва фаолиятни қонунийлаштириш юзасидан тавсиялар берилди.



А. Мусаев, ЎзА