Тошкент туманида хавфсизлик ишлари таҳлил қилинди
Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли осойишталигини таъминлаш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия қўмондони бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент туманида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ташриф давомида ҳамкорликдаги хизмат фаолияти ҳамда ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ Тошкент туманида жойлашган “Green University” фаолияти билан танишди. Ушбу таълим маскани республикамиз ва Марказий Осиёда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ҳамда ҳаво мусаффолигини таъминлаш йўналишида муҳим илмий тадқиқотларни амалга оширмоқда. Мутахассислар томонидан ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва экологик муаммоларни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Зеро, пойтахтга туташ Тошкент тумани ҳаво мусаффолигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ туманнинг Қашқарлик маҳалласига ташриф буюрди. Бу ерда маҳалладаги ижтимоий муҳит, кичик тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шарт-шароитлар, хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишилди. Фуқаролар билан мулоқот давомида уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, аниқланган масалаларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Учрашувда “маҳалла еттилиги”нинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни спорт ва соғлом турмуш тарзига жалб этиш, хотин-қизлар билан ишлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш каби масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу йўналишларда маҳаллаларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Маҳалла биноси олдида барпо этилган воркаут майдончасида ёш спортчилар билан мулоқот қилинди. Улар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
— Маҳалламизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга катта эътибор қаратяпмиз. Спорт майдончасида ҳар куни ўнлаб ёшлар шуғулланади. Турли мусобақалар ва маънавий-маърифий тадбирлар орқали уларни соғлом турмуш тарзига йўналтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу каби ташрифлар биз учун янада катта масъулият юклайди ва ишимизни янада такомиллаштиришга ундайди, — дейди Қашқарлик маҳалласи ёшлар етакчиси Акрамжон Маҳаматжонов.
Шунингдек, ташриф давомида маҳалланинг файзли муҳитида нуронийлар билан ҳам суҳбат ўтказилди. Улар маҳалладаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшларни тарбиялашда кексаларнинг ҳаётий тажрибаси ва маслаҳатлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА