Тошкентда қарийб 70 мингта объект хатловдан ўтказилди
Кўчмас мулк объектларининг ягона ҳисобини шакллантириш, соҳани рақамлаштириш ва мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида кенг кўламли хатлов ишлари давом этмоқда. Кадастр агентлиги мутахассислари томонидан амалга оширилаётган ушбу жараён давомида ўн минглаб объектлар хатловдан ўтказилиб, замонавий ахборот тизимларига киритилмоқда. Айни пайтда аҳоли ва тадбиркорларга кадастр соҳасидаги қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилмоқда.
Кадастр агентлиги томонидан 2026 йил учун тасдиқланган режа-жадвал асосида Тошкент шаҳрида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ушбу жараён аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган кадастр хизматлари сифатини янада ошириш, кўчмас мулк объектлари бўйича маълумотлар базасини тўлиқ шакллантириш ҳамда рақамли кадастр тизимини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига кўра, кадастр мутахассислари томонидан жами 69 минг 786 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Шундан 45 минг 174 та объект UZKAD ахборот тизимига киритилди. Жумладан, 41 минг 987 та турар жой объекти, 3 минг 187 та нотурар жой объекти UZKAD тизимига ўтказилди.
Шунингдек, 8 минг 545 та объект «Эътироф» автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтказилган бўлса, 3 минг 17 та объект бўйича ҳужжатлар муҳокама босқичида турибди. Ҳозирга қадар 46 та объектга бўлган ҳуқуқлар қонунчилик талаблари асосида эътироф этилди.

Ёзнинг жазирама кунларига қарамасдан, кадастр муҳандислари хонадонма-хонадон юриб, кўчмас мулк объектларини техник инвентаризациядан ўтказмоқда. Бу жараёнда объектларнинг техник ҳолати ўрганилиб, зарур маълумотлар йиғилмоқда ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун асос яратилмоқда.
Айни пайтда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кадастр соҳасидаги амалдаги қонунчилик, ҳуқуқий тартиб-таомиллар ва соҳадаги сўнгги янгиликлар бўйича кенг қамровли тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Хатлов ишларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши кўчмас мулк объектлари ҳисобини аниқ юритиш, мулкий ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА