Тошкент аэропортида юк терминали эндиликда йилига 120 минг тонна юкни қабул қила олади
“Тошкент” халқаро аэропортининг янги юк терминалида ташкил этилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатнинг энг йирик авиаюк мажмуаларидан бири фаолияти билан яқиндан танишди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон орқали ўтаётган авиаюклар ҳажми кескин ошиб бормоқда. Агар аввалги юк терминали йилига 30 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қайта ишлашга мўлжалланган бўлса, ўтган 2024 йилда у орқали қарийб 80 минг тонна юк қабул қилиниб, унинг имкониятлари деярли уч баравар ортиқча юклама билан ишлаган. Бу эса замонавий инфратузилма барпо этиш заруратини юзага келтирди.

2025 йилда фойдаланишга топширилган янги юк терминали айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қурилди. Бугунги кунда у йилига 120 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, аввалги мажмуа имкониятларидан тўрт баравар юқори натижани таъминлайди.
5,2 гектар майдонда жойлашган мажмуа таркибига уч қаватли маъмурий бино, 8,5 минг квадрат метрли омборхона, совутиш ва музлатиш камералари, турли тоифадаги юклар учун махсус сақлаш ҳудудлари ҳамда замонавий юк кўтариш техникаси киритилган. Бу ерда ўсимликлар, тирик ҳайвонлар, дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қимматбаҳо юклар учун алоҳида шароитлар яратилган.
Янги терминалда барча жараёнлар халқаро стандартлар асосида автоматлаштирилган. Электрон навбат тизими, рақамли ҳисобга олиш ва хавфсизлик тизимлари юкларни тезкор ва шаффоф расмийлаштириш имконини беради. Юк самолёти қўнганидан кейин уни қабул қилувчига топширишгача бўлган ўртача вақт атиги 3–4 соатни ташкил этади.
2025 йил якунларига кўра, терминал орқали 88 минг тоннадан ортиқ юк ва почта жўнатмалари қайта ишланган. 2026 йилда эса бу кўрсаткич 92 минг тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмидаёқ 48 миллион килограммдан ортиқ юк қайта ишланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,2 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Терминал нафақат саноат маҳсулотлари, балки тез бузилувчи маҳсулотлар, қишлоқ хўжалиги экспорти, тирик ҳайвонлар ва махсус сақлаш шароитини талаб қиладиган юкларни ҳам самарали қабул қилиш ва жўнатиш имкониятига эга. 2026 йил бошидан буён экспорт йўналишида 1,1 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жўнатилган бўлса, импортда ўн минглаб тонна турли тоифадаги юклар қайта ишланди.
Юк оқими ўсиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда терминалда импорт ва экспорт учун қўшимча ёпиқ айвонлар қурилмоқда. Бу эса юкларнинг сақланиш хавфсизлигини янада ошириш, логистика жараёнларини тезлаштириш ва терминалнинг ўтказувчанлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Янги юк терминали нафақат Тошкент халқаро аэропортининг имкониятларини кенгайтирди, балки Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим логистика ва транзит маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бирига айланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА