Тўрт кунда Самарқандга 292 мингга яқин сайёҳ келди
Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан берилган дам олиш (20-23 март) кунларида Самарқандга 268 минг 800 нафар маҳаллий ва 23 минг 100 нафар хорижий сайёҳ келди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти туризм бошқармаси.
Маълумотларга кўра, шу пайтгача бунчалик қисқа вақтда бу каби катта сайёҳлар оқими кузатилмаган. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатини ташкил қилиш ва транспорт хизматидан фойдаланиши учун чегирмалар эълон қилингани ҳам бунда муҳим омил бўлди.
Хусусан, вилоятдаги музейлар, меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари томонидан бериладиган чегирмалар ҳамда режалаштирилган тадбирлар, ички туризм йўналишида фаолият олиб борувчи туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ҳақида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида аввалдан эълонлар жойлаштириб борилди.

Энг кўп сайёҳ Рамазон ҳайити арафасида фойдаланишга топширилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида кузатилган. 20 март куни бу ерда 50 мингдан ортиқ киши иштирокида ҳайит намози ўқилган. Кейинги уч кунда ҳам мажмуа ҳар куни минглаб сайёҳларни қабул қилган.
Бундан ташқари, 23-24 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ таомлари” халқаро гастрономик фестивали ўтказилди ва унда маҳаллий ошпазлар билан бирга ўнга яқин хорижий давлатдан келган маҳоратли ошпазлар турли хил таомларни кўргазмали тарзда тайёрлашди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири