Самарқанд таомлари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши мумкин
Самарқанд шаҳрида икки кун давом этган “Шарқ таомлари” халқаро гастрономик фестивали якунланди.
Фестивалда 100 дан ортиқ ошпазлар иштирокида мусобақалар, 50 дан зиёд ноёб таомлар тайёрлаш жараёнлари, ошпазлардан маҳорат дарслари, хорижий мамлакатлар таомлари намойиши, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари ҳамда маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган маҳаллий ва хорижлик ошпазлар тақдирланди.
Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров 18 нафар ошпазга “Самарқанд таомларининг хориждаги элчиси” сертификатини ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.
— ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи ва ноёб меъморий обидалари билан бутун дунёга машҳур, — деди А.Умаров. — Гастрономик фестивални айнан кўҳна кентда ўтказишдан асосий мақсад Самарқандда гастрономик туризмни ривожлантириш ва шу орқали Самарқанд таомларини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш, миллий ва жаҳон таомлари анъаналарини кенг тарғиб этишдан иборат.
[gallery-28317]
Тадбир доирасида хорижлик олимлар ва ошпазлар иштирокида ўтказилган илмий-амалий конференцияда миллий таомларимиз, хусусан, Самарқандда тайёрланадиган машҳур таомларни хорижда тарғиб этиш, бу борада ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари