Том ҳам умумий мулк: ўзбошимчаликка йўл қўйилмайди
Бино фақат девор ва хонадонлардан иборат эмас. Унинг ҳар бир қисми, айниқса, умумий фойдаланишдаги ҳудудлардан қонун доирасида фойдаланиш — барча мулкдорларнинг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш демакдир.
Кўп қаватли уйларда яшаш маданияти, аввало, умумий мулкка эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш ва бошқа хонадон эгаларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишдан бошланади.
Бугунги кунда юртимизда инсон учун муносиб ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, шаҳар ва маҳаллалар қиёфасини ободонлаштириш, кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ҳамда аҳолига қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” тамойили ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Бироқ ободлик дегани — хоҳлаган жойга ўзбошимчалик билан қурилма ўрнатиш ёки умумий ҳудудни шахсий эҳтиёж учун эгаллаб олиш дегани эмас. Аксинча, ҳақиқий ободлик қонунийлик, тартиб ва ўзаро ҳурмат уйғунлигида намоён бўлади.
Бухоро шаҳрининг Кўксарой маҳалласидаги Б. Нақшбанд кўчасида жойлашган 180-уйда ўтказилган назорат тадбири давомида ана шундай ҳолатлардан бири аниқланди.

Маълум бўлишича, мазкур кўп квартирали уйнинг 5Б-25-хонадонида яшовчи фуқаро Д. З. том қисмида жойлашган терраса майдонидан фойдаланиб, металл конструкциялардан айвон — навес ўрнатган.
Ҳолат ҳудудий инспекция томонидан ўрганилди. Ўрганиш жараёнида кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланишдаги ҳудудидан белгиланган талабларга зид равишда фойдаланилгани ҳамда қурилиш ишларини тегишли тартиб ва талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш қоидалари бузилгани қайд этилди.
Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, кўп квартирали уйнинг том қисми оддий “бўш майдон” эмас. У муайян тартибда умумий фойдаланишдаги ҳудуд ҳисобланиб, ундан бир хонадон эгасининг ўз хоҳишига кўра фойдаланиши бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиши мумкин.
Айниқса, конструктив ўзгаришлар бинонинг ташқи кўриниши, техник ҳолати, хавфсизлиги ва муҳандислик тизимларига таъсир кўрсатиши эҳтимоли борлиги боис, бундай ишларга бефарқ қараб бўлмайди.
Аниқланган ҳолат юзасидан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди. Қонунчилик талабларига мувофиқ, том қисмида ўзбошимчалик билан ўрнатилган конструкция жойида бартараф этилди.
Бу каби назорат тадбирларининг аҳамияти фақат битта қурилмани олиб ташлаш билан чекланмайди. Энг муҳими, аҳоли ўртасида қонунийлик маданиятини шакллантириш, кўп квартирали уйларда умумий мулкдан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатишдир.

Зеро, бир хонадон учун “қулайлик” бўлиб кўринган, ўзбошимчалик билан қилинган қурилиш бошқа ўнлаб хонадон эгалари учун ноқулайлик, хавф ёки ҳуқуқ бузилишига айланиши мумкин.
Шу боис, кўп квартирали уйларда қурилиш, қайта қуриш, қўшимча конструкциялар ўрнатиш ёки бинонинг ташқи ва ички кўринишига таъсир этувчи ўзгартишларни амалга оширишдан олдин белгиланган қонуний тартибларга қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Ҳудудий инспекция томонидан кўп квартирали уй-жойларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилиш, қайта қуриш ва конструктив ўзгартиришларнинг олдини олиш, шунингдек, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилади.
Қонунга риоя қилинган жойда тартиб бор. Тартиб бор жойда эса ҳақиқий ободлик ва хотиржамлик қарор топади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири