Муҳим вазифалар белгилаб олинди
Сирдарё вилоятида 2026 йилги пахта мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни сифатли қабул қилиш, ҳисоб-китобларни аниқ ва шаффоф ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Шу мақсадда Сайхунобод туманидаги “Guliston Cluster” МЧЖга қарашли пахта-ғалла қабул қилиш масканида жорий мавсумга тайёргарлик ҳолати ва олдинда турган вазифаларга бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖ мутахассислари, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Фермерлар кенгаши вакиллари, шунингдек, пахта қабул қилиш масканларининг тарозибон ва лаборатория ходимлари иштирок этишди.
Семинарда пахта мавсумини самарали ташкил этиш, қабул жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ҳосилни аниқ ҳисобга олиш ва иш жараёнларини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, “AgroTarozi” ахборот тизимининг янги ва такомиллаштирилган имкониятлари амалий тарзда намойиш этилди. Мутахассислар тизим орқали пахтани қабул қилиш жараёнини электрон шаклда юритиш, маълумотларни тезкор қайд этиш ва қайта ишлаш имкониятлари ҳақида тушунтиришлар берди.
Амалий машғулотларда пахтани брутто ва нетто усулида тортиш, транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини автоматик аниқлаш каби функциялар синовдан ўтказилди. Бундай рақамли ечимлар қабул қилинаётган ҳосил ҳажмини аниқ ҳисобга олиш, маълумотларни тезкор шакллантириш ва инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириш имконини беради.

Пахта қабул қилиш масканларида видеокузатув тизимларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Камераларни танлаш, уларни тўғри жойлаштириш ва тортиш жараёнини тўлиқ қамраб олиш орқали шаффофликни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Мавсум давомида қабул масканларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида уч сменали иш тартибини йўлга қўйиш, ҳар бир сменада етарли миқдорда тарозибон ва лаборатория ходимларининг фаолиятини ташкил этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, пахтани қабул қилиш жараёнида 1-зона ва 2-зона талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланди. Бу, аввало, ҳосилни қабул қилиш, тортиш, сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва маълумотларни расмийлаштиришда ягона тартибни таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда “AgroDocs” ахборот тизимининг имкониятлари ҳам иштирокчиларга тақдим этилди. Мазкур тизимнинг ҳужжатларни электрон шаклда юритиш, маълумотлар алмашинувини соддалаштириш ва зарур ахборотни тезкор шакллантиришдаги аҳамияти қайд этилди. Мутахассислар мазкур тизимнинг амалиётда иш жараёнини енгиллаштириши ва ахборот алмашинувини тезлаштиришини таъкидлади.

Семинар давомида иштирокчилар рақамли тизимларнинг ишлаш тартибини бевосита амалиётда кўриб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Бир сўз билан айтганда, семинар давомида жорий мавсумда пахта қабул қилиш масканларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ҳисоб-китобларни аниқ ва шаффоф юритиш, видеоназоратни кучайтириш ҳамда иш жараёнини уч сменали тартибда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири