Тўлқинларни бўйсундирган ирода
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилаётган ХХ Осиё ўйинларининг каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 200 метр масофага кечган баҳсида ҳамюртимиз Шоҳсанам Шерзодова барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди.
Шоҳсанамнинг ушбу муваффақиятлари замирида мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мужассам. Авваллари қизларимизнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Бундай нуфузли мусобақалардаги ғалабалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Бугун эса бари ўзгача, хотин-қизларимиз нафақат спорт, балки бошқа соҳада ҳам анча илғор ва юрт шарафини дунё узра янада юксалтирмоқда.
2005 йил 20 февраль куни Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган Шоҳсанам Шерзодова каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У ёшлар ўртасидаги мусобақаларданоқ ўз иқтидорини намоён этиб, халқаро майдонда муносиб натижалар қайд этиб келмоқда.

Спортчимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларидаги дастлабки муваффақиятларини Ўзбекистон U18 терма жамоаси сафида қўлга киритди. Жумладан, 2022 йили Таиландда ўтказилган U18 Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди.
2023 йилда Самарқандда ташкил этилган қитъа чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шоҳсанам шу йили Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, 18 ёшида Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритди.
2024 йили Таиланд мезбонлик қилган U23 Осиё чемпионатида Шоҳсанам Шерзодова чемпионликни қўлга киритди. 2025 йилги қитъа чемпионатида эса кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлди. Шунингдек, Португалияда ўтказилган жаҳон чемпионатида турли масофалардаги баҳсларда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
Жорий мавсум ҳам спортчимиз учун сермаҳсул кечмоқда. Апрель ойида Хитойнинг Хэфэй шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида каноэда 200 метр масофага яккалик дастурида кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Нилуфар Зокирова билан жуфтликда яна бир кумуш медални қўлга киритди.
Август ойида Польшанинг Познань шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова каноэда 200 метр масофага жуфтлик дастурида финишга иккинчи бўлиб етиб келди.

Шоҳсанам Шерзодова ХХ Осиё ўйинларидаги бугунги ғалабаси билан жорий йилдаги совринлари сонини яна бир олтин медаль билан бойитди.
Бунда спортчилар учун яратилаётган шароит ва тизимли тайёргарлик жараёнлари муҳим ўрин тутади. Мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва спортчиларнинг халқаро майдонда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон байдарка ва каноэда эшкак эшиш федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

– ХХ Осиё ўйинларига узоқ муддат тайёрландик. 200 метр масофадаги беллашувлар доимо кескин ва муросасиз кечади. Ҳар бир стартимда кучли рақиблар бўлишини билардим. Кучлиларни енгмагунимча, кучли бўла олмаслигимни яхши тушуниб турган эдим. Мен ҳар бир мусобақада давлатимиз байроғини баланд кўтариш, ўзбек миллати дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва кам бўлмаслигини исботлаш ҳақида ўйлаб стартга чиқаман. Ғолиб бўлганимдан сўнг қалбим фахр-ифтихорга тўлди, кўзларимда қувонч ёшлари қалқиди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли қиздек ҳис қилдим. Ғалабаларим замирида мураббийларим, спортимиз мутасаддилари ва бизга барча имкониятларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ётибди. Мени доимо қўллаб-қувватлаб, дуо қилиб келаётган халқимиздан миннатдорман, – дейди Осиё ўйинлари ғолиби Шоҳсанам Шерзодова.
Иқтидорли спортчимиз энди жаҳон чемпионатлари ва бошқа нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиш, шунингдек, «Лос-Анжелес-2028» Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш мақсадида тайёргарликни давом эттиради.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА