Осиё ўйинлари: Кураш мусобақаларига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Маълумки, миллий спортимиз курашнинг қитъа ўйинлари дастурига киритилганлиги, унда 40 га яқин мамлакат вакиллари совринли ўринлар учун курашишга ҳозирлик кўраётганлиги, XX ёзги Осиё ўйинлари спорт майдонларида кураш мусобақалари давомида “кураш”, “ёнбош”, “тўхта”, “гилам”, “ҳалол” каби ўзбекона ибораларнинг янграши, ватанимиз байроғидан жило олган яшил ва кўк яктакларда спортчиларнинг беллашиши эътиборли воқелик.
Куни кеча қитъа ўйинлари доирасидаги кураш мусобақалари олдидан Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ҳамда Халқаро техник расмийлар (ITO) иштирокида тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди.
“IKA” президенти вазифасини бажарувчиси Зиёвиддин Хожиниёзов ва тегишли мутасаддилар иштирокида ўтказилган йиғилиш давомида мусобақанинг умумий тайёргарлик ҳолати, иштирокчи спортчилар ва давлатлар сони, қуръа ташлаш жараёни, техник ва ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, мусобақаларда фойдаланиладиган яктаклар, спортчилар ва расмийлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Кураш мусобақалари дастури ҳамда беллашувларнинг кейинги босқичларига оид масалалар таҳлил қилинди.
Мулоқотлар жараёнида кураш мусобақаларини юксак ташкилий даражада ўтказиш, ҳакамлик ва техник жараёнларни халқаро талаблар асосида таъминлаш зарурлиги таъкидланди
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари дастуридаги кураш мусобақалари 27-29 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА