Тоғ-кон ва геология соҳасидаги ютуқлар эътироф этилди
Бугун Геология фанлари университетида Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда соҳа мутасаддилари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда ёш мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов сўзга чиқиб, кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз натижасини бераётганини таъкидлади.
Маълумки, кончилик ва металлургия саноати мамлакат иқтисодиётининг стратегик таянч тармоқларидан бири ҳисобланади. Ушбу соҳалар нафақат табиий ресурсларни самарали ўзлаштириш, балки юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида саноатлашув жараёнини жадаллаштиради.
[gallery-29550]
– Бугунги кунда замонавий технологияларни жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва меҳнат хавфсизлигини кучайтириш ушбу тармоқларда асосий устувор йўналишга айланмоқда. Шу билан бирга, кончилик ва металлургиянинг ривожланиши экспорт салоҳиятини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Шу маънода, ушбу соҳа мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири. Янги конларни аниқлаш, минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу ютуқлар, аввало, соҳа фидойиларининг меҳнати самарасидир, – деди вазир.
Айтиб ўтилганидек, кейинги йилларда геология-қидирув ишлари кўлами кенгайиб, минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш, янги конларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бугунги эътирофдан бошим кўкка етди. Аввало, Президентимизга ва соҳа мутасаддиларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бундай қутлов мени янада ғайрат билан ишлашга ундайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда геология соҳаси тизимли равишда ривожланмоқда. Янги конларни қидириш ва ўзлаштириш ишлари илмий асосда ташкил этилгани, замонавий технологиялар кенг жорий этилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Энг муҳими, соҳада ишлаётган мутахассисларнинг салоҳияти ва тажрибаси изчил ортиб бормоқда, – деди Навоий уран давлат корхонаси Уран геология маркази бош геологи Ҳусниддин Оловов.
Тадбир якунида соҳа фаоллари ўзининг самарали меҳнати ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА