Тинчликми ёки навбатдаги сиёсий пауза?
Яқин Шарқдаги уруш фонида эълон қилинган сулҳ атрофидаги баёнотлар турлича талқин қилинмоқда. Эрон расмийлари АҚШни ўз шартларига рози бўлганини маълум қилган бўлса, Дональд Трамп бу келишувни “шарафли натижа” сифатида баҳоламоқда.
Эрон миллий хавфсизлик кенгаши баёнотига кўра, Вашингтон Теҳрон илгари сурган қатор муҳим талабларни қабул қилган. Улар орасида агрессиядан воз кечиш, Ҳурмуз бўғози устидан назоратни Эронда қолдириш, ядро дастурини тан олиш ва санкцияларни бекор қилиш каби бандлар бор. Шунингдек, AҚШнинг минтақадан қўшинларини олиб чиқиши ҳам тилга олинган.
Бу баёнот CNN хабар қилган икки ҳафталик сулҳ ҳақидаги маълумотлар фонида янгради. Унга кўра, Исроил ҳам ушбу келишувга амал қилмоқда. Aввалроқ Трамп Эрон томонидан тақдим этилган 10 бандлик таклифни “музокаралар учун реал асос” деб атаганди. Бироқ томонларнинг баёнотлари ўртасидаги тафовут эътиборни тортади.
Вашингтон бу жараённи ўз мақсадларига эришилганининг белгиси сифатида кўрсатаётган бўлса, Теҳрон уни қарши томоннинг ён бериши сифатида талқин қилмоқда. Бу каби вазиятларда ғалаба тушунчаси кўпинча баёнотларда шаклланади, амалий натижаларда эмас. Ҳар бир томон ўз аудиторияси учун мақбулроқ манзарани чизишга уринаётгандек гўё. Кимдир музокарани ютуқ деб атайди, бошқаси эса айни жараённи шеригининг таслими сифатида кўрсатади.
Қизиғи шундаки, илгари кескин қарама-қаршилик билан тилга олинган масалалар — ядро дастури, санкциялар ёки ҳарбий иштирок — энди бирданига “музокара мумкин бўлган” масалага айланган.
Умуман олганда, эълон қилинган сулҳ қисқа муддатли тинчликни англатиши мумкин. Aммо унинг ортидаги келишувлар қандай ишлаши ва ким учун қанчалик фойдали бўлиши вақт ўтиши билан янаям аниқроқ тус олади.
Мунира Ниязимбетова, ЎзА