Исроил Ғазога йўл олган халқаро инсонпарварлик флотини тўхтатди
Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган халқаро флотилия Ўрта ер денгизида Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилди.
Таъкидланишича, “Global Sumud Flotilla” номли халқаро инсонпарварлик флоти таркибида турли мамлакатлардан келган фаол кўнгиллилар, шифокорлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлган. Уларнинг мақсади Ғазодаги аҳолига биринчи навбатда зарур бўлган ёрдамларни етказиш бўлган.
“Al Jazeera” ёзишича, халқаро сув ҳудудида ҳаракатланаётган флотилияни Исроил ҳарбий-денгиз кучлари дронлар ва ҳарбий кемалар ёрдамида ўраб олган. Натижада бир нечта кемалар билан алоқа узилган.
Флотилия вакиллари Исроил ҳарбийлари кемаларга яқинлашиб, тўхташни буюргани ва айрим ҳолатларда қурол билан таҳдид қилганини айтмоқда.
Исроил томони бу операцияни хавфсизлик чораси сифатида изоҳлаб, флотилия Ғазога етиб боришдан олдин тўхтатилганини маълум қилди. Ташкилотчилар эса бу ҳолатни халқаро сувда фуқаролик кемаларига қарши ноқонуний аралашув деб баҳолаб, инсонпарварлик ёрдами тўхтатилганини маълум қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА