Тил – миллат руҳи ва қалбини тарбиялайди
Мулоҳаза
Эсимда, 2020 йил 23 cентябрь куни мамлакатимиз сиёсий ҳаётида тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлади. Президентимизнинг ўз маърузасини она тилимизда баён этиши юз йиллик тарихимиздаги нафақат ижтимоий, балки чуқур сиёсий ҳодисага айланди. Моҳият-эътибори билан бу нутқ миллий давлат барпо этиш йўлидаги ҳаракат ортга қайтмас эканлигидан дарак эди. Бундай чиқишлар эса давлат ва миллатнинг энг олий нишони бўлган она тилимизнинг қадрини янада баландга кўтаради. Ўшанда юксак минбарда она тилимизда сўзланган маъруза нафақат Ўзбекистонда, балки бутун турк дунёсида улкан воқеа сифатида қарши олинди. Ҳа, она тили ана шундай залворли, забардаст, қудратли кучга эга, у миллионлаб қалбларни жунбушга келтиради, инсонда миллий ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотади.
Давлат тилини асраш-авайлаш ҳар бир миллатнинг ҳам қўлидан келмайди. ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да ёзилганидек, Европада 50 та, Тинч океани минтақасида 200 та тил йўқолиб кетиш арафасида турибди. Африкадаги 1400 та тилдан 250 таси яқин йилларда, 600 таси келажакда бутунлай йўқолади. Лейпциг университети профессори, атоқли лингвист Бальтазар Бикелнинг сўзларига кўра, Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор. Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобаллашув жараёни айбдор, деган хулосага келинди.
Шу ўринда, яқин тарихимизга қайтсак. Таниқли шоир, тасаввуфий олим Мирзо Кенжабекнинг уқтиришича, у Президент девонида ишлаган кезларида Давлат тили ҳақидаги Қонунни тайёрлаш ҳайъатининг аъзоси бўлган экан. Машҳур олим, раҳматлик Эркин Юсупов раис, Бахтиёр Назаров, Акмал Саидов каби олимлар фаол аъзолардан бўлишган. “Лекин ҳозир биз амал қилаётган қонун 1989 йилда қабул қилинган Қонун эмас, балки 1995 йилнинг 21 декабрида деярли “яширин” услубда ўзгаришга учраган янги таҳрирдаги Қонундир” деб ёзади у.
1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги Қонун “янги таҳрир”га учраган бўлса-да, қонундан халқимиз, миллатимиз ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур бўлган моддалар чиқариб ташланган. Далилларга юзланайлик: аввалги Қонуннинг 1-моддасида давлат тили ўзбек тили эканлиги белгиланиб, “Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилишини таъминлайди” деган банд бўлган. 1995 йил 21 декабрдаги Қонунда бўлса, мазкур модда олиб ташланган. 4-моддада “Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар хизмат вазифасини башариш учун давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим” деб ёзилган. Янги таҳрирда бу банддан воз кечилган.
Буни қарангки, 1989 йил 21 октябрдаги Қонуннинг 16-моддасида “Араб алифбосига асосланган қадимий ўзбек ёзуви”ни ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ўргатиш, уни “ўқув фанларидан бири сифатида ўқитиш таъминланади” деб ёзилган ва “бунинг учун илмий-педагогик кадрлар тайёрланиши”, бу ёзувда “ўқув қўлланмалари китоблар, газета ва журналлар нашр этилиши” белгиланган экан. 1995 йил 21 декабрдаги Қонунда ушбу модда таг-томири билан йўқ қилинган. Халқни ўз аслиятидан узоқлаштиришга, қадимий манбаидан маҳрум этишга қандай қилиб журъат этишди экан?!
Жаҳон тарихида ҳеч бир миллат ёзувни жорий этиш борасида ўзбек халқидек мусибатларга учрамаган. Қадимий халқимиз XX асрда уч марта имло инқилобини бошидан кечирди. Араб ёзуви VIII асрдан бошлаб XX асрнинг 1929 йилигача, эски туркий (ўзбек) ёзуви сифатида ХI асрдан 1929 йилгача, демак, араб ёзувида 12 аср, эски туркий ёзувида 10 аср қўлланилган эди. Халқимизнинг жаҳон тарихидаги энг шарафли, ўлмас илмий-ижодий мероси ана шу ёзувда битилган. Имло – миллатнинг тақдири, тарихий мероснинг тили ва келажакнинг пойдевори!
Бугунги кунда Алишер Навоий асарлари луғати, Бобур асарлари луғати, ҳатто Машраб асарлари луғати, Абдулла Қодирий асарлари луғатини тартибга келтириш фурсати етиб келган кўринади. Фикримизча, ўзбек тилининг имло луғати ва изоҳли луғатини буткул қайтадан тузиш, унда Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий ижодидан тортиб то бугунги кунгача бўлган сўз хазиналарини жамлаш лозим. Луғатларнинг ҳаммасини янгича руҳ ва қарашлар асосида тузиш, бу эзгу ишларга истеъдодли ва илмли ёш олимларни жалб этиш зарур.
Юқоридаги муаммолар таҳлилидан маълум бўлишича, ўзбек тилига давлат мақоми берилгандан кейин қарийб 40 йил ўтса ҳамки, она тилимиз том маънода ўз мавқеига, юксак мақомига эга бўла олмаётир. Нега бундай ҳолатлар юз берди, деган савол туғилади.
Биринчидан, Қонун талабига кўра, давлат идораларида ишлаб ўзбек тилини билмайдиган бошқа миллат вакилларига давлат тилини ўзлаштириши учун берилган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, давлат тузилмаларида ўзбек тилини билмайдиганлар ҳамон бемалол ишлаб туришибди.
Иккинчидан, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида адабий тилда эмас, балки шевада гаплашиш одатга айланиб улгурди.
Учинчидан, кўчаларда, оммавий жойларда, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун талаблари қўпол бузилмоқда. Хусусан, ҳар хил афиша, реклама, эълонлар бошқа тилларда ёзилиши ҳолатлари ҳар қадамда учрайди, давлат тилида ёзишларда кўп хатоликларга йўл қўйилади. Шоҳкўчаларда соф адабий тилда одамларда фикр уйғотувчи шиор, чақириқлар учрамайди.
Биз тилимизга давлат мақоми берилган 21 октябрь кунини ҳар йили қандайдир чора-тадбир ўтказиш билан чекланяпмиз, амалда тилимиз ривожига эътиборсиз, лоқайд бўлиб бормоқдамиз. Тил миллатнинг асосий атрибути бўлиб, унга аҳамият бермаслик миллатга, элга бефарқликдир. Ўз миллатини, юртини эъзозлаган ҳар бир киши она тилини улуғлайди.
Давлат тилининг эътиборсиз қолаётганлиги боиси шуки, тирикчилик ташвишлари ва бошқа омиллар таъсирида ёши катталар, хусусан, ёшларимиз орасида китоб ўқишга, илм олишга иштиёқ сусайди. Китоб, газета, журнал мутолаа қилмаган инсоннинг тил бойлиги чекланиб, у маиший даражада ишлатиладиган сўзлардан нарига ўтолмайди. Билимли, маърифатли, кенг фикрли бўлишнинг асосий омили китоб – баланд чўққини эгаллашга қўйилган нарвон. Бадиий, ўқув, илмий китобларни ўқиш нафақат дунёқарашни кенгайтиради, балки дунёвий, диний саводхонлигимизни ошириб, ёзма ва оғзаки нутқимизнинг бойишига олиб келади.
Афсуски, бугунги кунда русча сўзларни ишлатиш таомилга кириб бормоқда. Атоқли олимлар, адабиёт арбоблари, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг таъкидлашича, она тилимизда яхши андозаси бўлган баъзи сўзлар хорижий номларда таомилга киритилди: департамент – бошқарма, идора, бирлашма; комиссия – ҳайъат, коммуникация – жамламоқ, боғламоқ, хабар алмашув (жараёни); концепция – мақсадлар низоми, мақсадлар таркиби, йўналишлар тизими, қоидалар тизими; монитор – кузатувчи, огоҳлантирувчи; мониторинг – кузатув; мораторий – тўхтатув, камайтирув; орган – идора, муассаса, ташкилот (давлат идоралари, давлат муассасалари); термин – атама, истилоҳ; штат – иш ўрни, хизмат ўрни. Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.
Яна бир гап. Ўзбекистонда яшаган барча миллат, элат фуқаролари ўзбек тилини, маҳаллий халқнинг адабиёти ва санъатини, бой тарихини, илмий меросини билиши бугунги даврнинг талаби эмасми?! Бунинг акси бўлса-чи? Унда неча йиллаб нони, тузини еган ерлик аҳолига, миллат шаънига қайси маънодадир беодоблик, ҳурматсизлик қилинганини билдирмайдими? Ахир, Америкага, Германияга бориб яшаётган турк, ҳинд, хитойлик, эронлик иш фаолияти юришиб кетишини истаб, инглиз, немис тилларини ўрганади-ку. Нега давлат тилини билмаганлар учун тил ўргатиш курсларини бепул ташкил этмаймиз. Бунинг устига, бугунги кунда қонунлар тили, идоравий ҳужжатлар рус тилига кўпроқ суяниши ҳолатига кўникиб бормоқдамиз.
Бизга маълумки, ўзбек тилини дунё бўйича 30 миллиондан кўпроқ одам она тили, деб билади. Иккинчи тил сифатида биладиганлар ҳисобига бу сон 50 миллионга етади. Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Қозоғистон, Туркманистон, Россияда ҳам кўпчилик. Туркия, Саудия Арабистони, Покистон, АҚШ, Жанубий Кореядаги диаспораларни ҳамда Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасига (Хитой) маданий таъсирини инобатга олсак, ўзбек тилининг асосий минтақавий тил бўлишга етарли ресурслар борлигина амин бўламиз.
Ўзбекистон ниҳоятда улкан тил ресурсига эга давлат. Мумтоз адабиётимизга оид тадқиқотлар кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Аммо шу билан бирга, мактаб ўқувчиларининг ёзма саводхонлигини ошириш, она тили ва адабиёт фанини ривожлантириш учун икки тиллик сўзлашув, луғатларни чиқариш, боғча, мактабларда тўғри, равон сўзлаш маданиятини шакллантириш каби улкан ишлар олдимизда кўндаланг турибди.
Шу ўринда, қарийб 70-80 йиллардан буён ечимини кутаётган оғриқли муаммони айтиб ўтсам. Муҳим факт шуки, ўзбек тилига оид дарсликлар XX аср бошидан тўлалигича рус тилшунослигига, қардош тил қоидаларига бўйсунган ҳолда ишлаб чиқилган. “1939 йилда О. Усмонов ва Б. Авезовлар муаллифлигидаги “Ўзбек тили грамматикаси” дарслиги С.Г. Бархурдаров ва Е.И. Доисковларнинг “Грамматика русского языка” китоби асосида тузилган. Бу китобда ўзбек тили назарияси илк бор биз ҳозирда ўқиётган кўринишга келтирилган. Рус тилидаги қоидалар ўзбек тилига кўр-кўрона жорий этилган”, дейди фалсафа доктори Элдор Асанов. – Масалан, рус тилида олтита келишик борлиги учун ўзбек тилида ҳам келишиклар сони олтита қилиб белгиланди. Сўз туркумларининг категориялари ва турлари рус тилидагига мосланди. Чет эл сўзлари рус тили орқали олиниши ва рус тили фонетикаси бўйича талаффуз этилиши белгиланди”. Даҳшатни жиҳати шундаки, саксон йилдан бери сунъий йўл билан яратилган тил қоидалари “тўғри ўзбек тили” сифатида ўқитилмоқда. Ўзбек тилини ўқитиш методикаси бир замонлардаги Москва талабларига бўйсундирилган, аммо биз уни ўзгартиришни ўйламаяпмиз. Мактабларда собиқ мустамлакачилик давридаги ўқитиш методикалари ишлаётганлиги тагзаминида мутахассис ва зиёлиларнинг консервативлиги, замонавий илмий дискурслар ўзбек академик фанида қабул қилинмаётгани, шу соҳага етарлича маблағ ажратилмаганлиги ётибди.
Ўзбек тили ривожига оид баъзи таклифларимизни келтириб ўтамиз: Интернетда ўзбекча контентни кескин кўпайтириш (Википедия, Google), ўзбек тилидаги веб-сайтлар, e-кутубхоналар сонини кўпайтириш, унинг сифатини янада ошириш; миллий кино ва театр, адабиёт ва санъат соҳасида янги руҳ ва юқори савиядаги (худди Абдулла Қодирий, Тоғай Мурод асарларидек) бадиий асарларни кўпайтириш; Тасвирий ойина тасвирлаган кўчаларимиз пештахталаридаги ёзувларни танқидий кўриб чиқиш... Маълумки, ҳозирги вақтда Абу Райҳон Беруний номидаги илмий-тадқиқот институти қўлёзмалар фондида минглаб дурдона манбалар ўрганилмай ўз эгасини кутиб ётибди. Араб, форс тилида ёзилган қўлёзмаларни ўрганиш, китоб ҳолида ўзбек тилида нашр этиш, уни халқимизга ва жаҳон оммасига, илм-фан аҳлига етказиш фурсати етиб келмадимикан? Бизнингча, ушбу муҳим масалага ечим топиш мақсадида Матншунослик ва манбашунослик институтини очишга эҳтиёж туғилмоқда. Бу институт биз фахрланадиган буюк алломаларимизнинг барча асарлари Тўлиқ жилдларини тайёрлаш ва чоп этиш билан шуғулланиши, ҳукумат мазкур хайрли ишга маблағни аямаслиги лозим.
Тил – миллатнинг руҳи ва қалбини тарбиялайди, буюк ишларга ундайди. Тил – доимий ўзгариб борадиган динамик ҳодиса! Модомики шундай экан, таълим тизими олдида миллат болаларини она тили ва адабиётга ошно қилиш орқали тарбиялаш ва улғайтиришдек эзгу вазифа турибди. Она тили – миллат руҳи ва жамият уйғоқлигининг кўзгуси! Алишер Навоий бобомиз “Тил – нутқ қуроли”, “Тилга эътибор–элга эътибор”, деб ёзганида ҳикмат кўп.
Бахтиёр Омонов,
сиёсий фанлар доктори,
профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси