Тиббиёт маркази замонавий тиббий ускуна ва жиҳозларга эга бўлди
Қизил Ярим Ой жамияти Андижон вилояти ташкилоти томонидан “Меҳр улашамиз!” лойиҳаси доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиали ҳамда Андижон вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар тақдим этилди.
Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалига 47 турдаги ҳамда вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази онкогематология бўлимига 39 турдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар топширилди. Ҳар икки тиббиёт марказида касалликнинг охирги босқичларидаги беморлар учун “хоспис”, яъни махсус жиҳозланган алоҳида палаталар ташкил этилди.
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртмаси шаклида қўллаб-қувватланган “Меҳр улашамиз!” лойиҳаси доирасида ҳар икки тиббий муассасанинг шифохона паллиатив бўлимда даволанаётган беморларнинг умумий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда уларга индивидуал тарзда психологик ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам олиб борилди, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Андижон вилояти ташкилоти раиси Ҳолидахон Мирзараҳимова. – Шунингдек, ушбу ижтимоий буюртмаси доирасида ташкил этилган хосписда даволанаётган онкологик беморлар ва уларнинг оила аъзоларига ташхис ва даволаниш босқичларини тушунтириш ҳамда ахборот-маърифий маслаҳатлар беришда фойдаланиш учун мавзу бўйича 30 га яқин услубий маълумотлар тайёрланди.


Лойиҳани амалга ошириш давомида ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ҳамда Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг паллиатив бўлимларидаги даволанаётган 123 78 нафар бемор болалар ва уларнинг она-оталарига психологик ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлашда тиббий кўрикларнинг аҳамиятини кенг тарғиб этиш мақсадида “Онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг аҳамияти” мавзусида Избоскан, Андижон, Марҳамат, Жалақудуқ, Қўрғонтепа туманлари ҳамда касалликлар кўп аниқланган бошқа қатор ҳудудларда тарғибот тадбирлари ўтказилди. Хусусан, онкологик касалликлар кўп аниқланаётган туман, шаҳарларда лойиҳа мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида “Соғлом турмуш тарзи асослари”, “Саломатликнинг 10 та олтин қоидаси”, “Тиббий кўрикларнинг аҳамияти”, “Онкологик касалликларни эрта аниқлашнинг долзарб аҳамияти” мавзуларидаги тарғибот материаллар тарқатилди.


Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири