“Тиббиёт карвони” — инсон саломатлиги йўлида эзгу ташаббус
Инсон саломатлиги жамият фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг энг муҳим мезонларидан биридир.
Аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш, фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига замонавий тиббий хизматларни яқинлаштириш, уларнинг саломатлигини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги амалий ишлар эътирофга лойиқ.

Ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган “Тиббиёт карвони — саломатлик” тадбири Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида ташкил этилди.
Мазкур хайрли тадбир Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони ташаббуси билан Нукус ҳарбий госпитали, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Шуманай тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни барвақт аниқлаш, аҳолига малакали тиббий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, замонавий диагностика имкониятларини аҳоли учун янада яқин ва қулай қилишдан иборат бўлди.
“Тиббиёт карвони” доирасида туманнинг 1 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси кенг қамровли тиббий кўрикдан ўтказилди. Фуқароларга тор соҳа мутахассислари томонидан тиббий маслаҳатлар берилиб, мавжуд саломатлик муаммоларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар тақдим этилди.
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири туман тиббиёт бирлашмасида мавжуд бўлмаган замонавий кўчма тиббий диагностика ускуналари ёрдамида аҳолига чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилганидир. Хусусан, фуқаролар рентген, УТТ, ЭКГ лаборатория ҳамда бошқа турдаги тиббий текширувлардан ўтказилди. Бу эса аҳолининг саломатлик ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш, айрим касалликларни дастлабки босқичидаёқ аниқлаш ва тегишли тиббий чораларни белгилаш учун муҳим имконият яратди.
Тадбир давомида аҳолига зарур ҳолларда тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, дори-дармон воситалари ҳам бепул тарқатилди. Бу эса “Тиббиёт карвони”нинг оддий тиббий кўрикдан иборат эмас, балки инсон манфаатини, унинг ҳаёти ва саломатлигини устувор қадрият сифатида эътироф этган кенг қамровли ижтимоий лойиҳага айланганини кўрсатди.
Шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати, ҳар бир беморга эътибор ва масъулият билан ёндашуви тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Зеро, оқ халат ортида нафақат касбий маҳорат, балки инсон ҳаётига бўлган юксак масъулият, меҳр ва фидойилик мужассам.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири