Журналистларга эсдалик нишонлари топширилди
Андижонда мамалакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида матбуот соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ журналистларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди.
Босма нашрлар, радио ва телевидение тизими вакиллари иштирокида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимида ўтказилган байрам тадбирида сўз олганлар иштирокчиларни мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллик байрами билан муборакбод этди.
Тадбирда мамлакатимиздаги бунёдкорлик, жамиятимиздаги янгиланиш жараёнларни кенг тарғиб этиш, замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти, фаолиятни ёритиш борасида самарали фаолият олиб бораётган соҳанинг бир гуруҳ илғор вакилларига эсдалик нишонлари топширилди.
[gallery-31159]
- Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, юртимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами арафасида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланганимдан беҳад хурсандман, - дейди “Тараққиёт” телевидениеси бош директори Воҳиджон Тожиддинов. - Ушбу нишон бутун жамоамиз меҳнатига берилган баҳо ва эътирофдир. Ушбу эътироф зиммамизга катта масъулият юклайди, юртимиз равнақи йўлида янада самарали меҳнат қилишга ундайди.
Тадбирда эсдалик нишони билан тақдирланганлар эътироф ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, бундан буён янада самарали меҳнат қилишларини айтиб ўтди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.