Мустаҳкам оила – юрт таянчи
15 май – Халқаро оила куни
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети хотин-қизлар кенгаши томонидан сана муносабати билан “Бир қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз” мавзусида иқтидорли талаба-қизлар ва уларнинг оналари билан учрашув ташкил этилди.

“Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида ўтказилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади оилада қиз фарзанд тарбиясининг ўрни, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, талаба-қизларни илм-фан, маънавият ва касбий ривожланишга рағбатлантириш, шунингдек, ота-она ва фарзанд ўртасидаги меҳр-оқибат ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Тадбирда университет ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг таълим олиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, оиладаги соғлом муҳит, оналарнинг фарзанд тарбиясидаги беқиёс ўрни ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунки “Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор” бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 апрелдаги тегишли мажлис баёнида Халқаро оила кунини кенг нишонлаш ҳамда май ойи давомида “Оиламиз – келажагимиз” ойлигини юқори савияда ўтказиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш, ёшларни оилавий ҳаётга масъулият билан тайёрлаш, маҳалла ва жамиятда оила муқаддаслигига бўлган муносабатни янада юксалтиришдан иборат. Ушбу анъана доирасида оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ибратли турмуш тарзини тарғиб этиш ишларида фаол, фарзанд тарбиясида ютуқларга эришган хонадонлар “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Учрашув давомида фаол ва иқтидорли талаба-қизлар ва уларнинг оналари тарбия, оилавий қадриятлар ва ёшлар келажаги борасидаги фикр ҳамда тажрибалари билан ўртоқлашди. Мазмунли ва самимий руҳда ўтган учрашув кечаси оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, қизларнинг таълим олиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш ҳар бир оиланинг муҳим вазифаси эканини яна бир бор намоён этди.
Тадбир якунида Халқаро оила куни муносабати билан бир қатор намунали оила вакиллари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.