Тиббий таълим: Кембриж университети билан ҳамкорлик ўрнатилди
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Кембриж университетининг тиббий таълим йўналиши бўйича делегацияси билан учрашув ўтказди.
Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистонда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ва уни халқаро талабларга мослаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда тиббиёт олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, назария ва клиник амалиёт ўртасидаги уйғунликни янада кучайтириш, талабаларнинг фаолият кўникмаларини ошириш, уларнинг билимини баҳолашнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
– Ушбу жараёнда Кембриж университетини муҳим иштирокчилардан бири сифатида кўряпмиз. Бу узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши, — деди вазир.

Мулоқотда қатор ҳамкорлик йўналишлари истиқболлари кўриб чиқилди.
Тиббиёт кадрларини тайёрлаш сифатини ошириш, замонавий ва натижага йўналтирилган тиббий таълим моделларини жорий этиш, соҳа олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини комплекс таҳлил қилиш, уларни халқаро ёндашувлар асосида такомиллаштириш, Кембриж университетининг илғор тажрибасини миллий таълим тизими хусусиятлари асосида босқичма-босқич мослаштириш шулар жумласидандир.
Тадбир давомида яқинда бўлиб ўтадиган икки кунлик амалий семинар бу борада муҳим платформа вазифасини ўташига ишонч билдирилди.
Якунда томонлар ҳамкорлик алоқалари ривожидан бирдек манфаатдор эканлигини маълум қилди.
Маълумот учун: Кембриж университети Буюк Британиядаги энг қадимий ва жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг тиббиёт мактаби дунё бўйлаб илғор илмий тадқиқотлар, замонавий клиник амалиёт ва юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш борасида етакчи ўринларни эгаллайди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА