“Кейин тўлайман” даври тугайди: автобусларда янги тартиб
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида тўлов қоидалари қатъийлашади.
Янги тартибга кўра, йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлашлари шарт.
Йўлкира ҳақи транспорт ёки ижтимоий картани валидаторга теккизиш, шунингдек, банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз тўлов воситалари орқали тўланади. Агар йўловчи автобусга чиқиш вақтида йўлкира ҳақини тўламаса ёки имтиёзга эга эканини тасдиқламаса, у чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади ва бу жаримага сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тизимда NFC, QR, биометрик тўлов каби технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ҳам назарда тутилган.
Янги тартибнинг асосий мақсади — йўлкира тўловини аниқ ҳисобга олиш, нақд пулга боғлиқликни камайтириш ва жамоат транспортида электрон тўлов маданиятини кучайтиришдан иборат.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА