Тиббий кўрик ўтказилди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Нукус шаҳридаги 7-сонли оилавий поликлиникада аҳолини профилактик текширувдан ўтказиш, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган “Соғлом жамият — кучли давлат” шиори остида оммавий бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Унда партиянинг Қоракалпоғистон Республикаси ва Нукус шаҳар Кенгашлари масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, депутатлар, Нукус шаҳар Тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиника шифокорлари, ҳудуд аҳолиси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида Нукус шаҳридаги “Саманбай” ва “Анасай” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси, жумладан, камбағаллик реестрида турган ногиронлиги бўлган фуқаролар, ногиронлиги бўлган фарзанди бор, боқувчисини йўқотган оилалар, хотин-қизлар ва кексалар, жами 600 нафардан ортиқ фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик якунига кўра, шифокорлар тавсияси асосида 5 нафар фуқарога Нукус шаҳридаги У. Халмуратов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази даволаниш учун йўлланма, 2 нафар фуқарога ордер, 16 нафар фуқарога дори-дармон ҳамда ҳомиладор аёллар учун комплекс витаминлар бепул тарқатилди. Шунингдек, ушбу поликлиникада стационар даволаниш учун ҳам йўлланмалар берилди.
Иштирокчилар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган тиббий кўрик ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Бундай тадбирлар касалликларни эрта аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири