The National Interest: АҚШ ва Хитой Марказий Осиё муҳим минераллари учун рақобатни кучайтирмоқда
“The National Interest” нашри ёзишича, Марказий Осиё ярим ўтказгич, батарея, сунъий интеллект технологияси ва мудофаа маҳсулоти ишлаб чиқариш учун зарур муҳим минераллар нуқтаи назаридан, АҚШ ва Хитой ўртасидаги глобал рақобат майдонига айланмоқда.
Таъкидланишича, Вашингтон минтақадаги иштирокини фаол кенгайтирмоқда. Июнь ойида бўлиб ўтган Остона минераллар ва кончилик конференцияси – “Astana Minerals and Mining Conference” анжуманида АҚШ расмийлари узоқ муддатли ҳамкорлик режасини эълон қилган.
– Биз узоқ муддатли истиқболни кўзлаяпмиз, ҳаракат вақти келди, – деган АҚШ савдо котиби ёрдамчиси Дэвид Фогель.
Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари дунё уран захирасининг тахминан 40, марганецнинг 39, хромнинг 31 фоизи, шунингдек литий, мис, вольфрам каби стратегик ресурслар улкан захирасига эга. Масалан, Қўшма Штатлар аллақачон Қозоғистонда вольфрам конини ўзлаштириш бўйича 1,1 миллиард долларлик келишувга сармоя кирита бошлади.
“The National Interest” эса Хитой кенг кўламли сармояси, географик яқинлиги ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги инфратузилмани ривожлантириш салоҳияти туфайли устунликка эгалигини таъкидлаган. Муаллиф фикрича, Чин корхоналари аллақачон Марказий Осиё минерал экспортининг салмоқли қисми бўйича бир неча мамлакатда кончилик соҳасида тегишли лицензия олган.
Нашр АҚШнинг ҳам минтақага қизиқиши тез суръат билан кучайиб бораётганига эътибор қаратиб, Вашингтон сармояни кўпайтирмасдан, савдо чекловини бекор қилмасдан, стратегик ресурслар учун рақобатда Хитой билан орадаги тафовутни бартараф этишга қийналади, дея хулоса чиқарган.
С.Раҳимов, ЎзА