Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона транспорт тизимига бирлашмоқда
Хитойнинг Қашқаридан бошланадиган тахминан 480 километрлик темир йўл Қирғизистон ва Андижон, сўнгра Туркманистон ва Каспий денгизи орқали Озарбайжон инфратузилмасига уланади. Бу йўналиш Ўрта йўлакнинг иккинчи, асосий қисмини ташкил этади ва Хитойни Европа билан боғлайди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланиши ва Президент Илҳом Алиев 31 июль куни Бишкекка ташриф буюриши Ўрта йўлак ривожига яна бир кучли туртки берди. Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров билан музокара чоғида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Евросиё учун ягона, узлуксиз транспорт-логистика марказига айлантириш эътибор марказида бўлди.
Қурилиши расман 2024 йил декабрь ойида бошланган, аввал мўлжалланган 2030 йилдан олдинроқ – 2028-2029 йилларда топширилиши кутилаётган, қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланган мазкур йирик лойиҳа асосида жами 120 километрга чўзиладиган 50 кўприк ва 29 ер ости йўли барпо этилади. Жумладан, Қирғизистоннинг Макмал шаҳри яқинида контейнер ташиш ва темир йўл ўлчамини Хитой стандартидан минтақамиз мамлакатлари учун анъанавий ҳисобланган кенг ўлчамга ўтказиш учун йирик логистика маркази яратиляпти.
Ташаббуснинг иқтисодий хусусиятга эга ижобий таъсири Марказий Осиё учун жуда муҳим. Зеро, йўналиш Шарқий Осиёдан Европага бориш йўлини 700-900 км қисқартириб, 10 кунлик сафар вақтини тежайди. Режалаштирилган юк айланмаси 2032 йил ўн беш, 2040 йилга келиб эса 20 миллион тоннага етади.
Контейнер поездлари Туркманбоши орқали Бокудаги Олот портига, кейин Тбилиси – Карс бўйлаб Туркия ва Европага қатнайди.
С.Раҳимов, ЎзА