“TextileExpo Uzbekistan” маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар очмоқда
Бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Тўқимачилик ва тикувчилик саноати - TextileExpo Uzbekistan 2026” 26-халқаро кўргазмаси очилди.
Кўргазманинг тантанали очилишида “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова ва Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Исфандиёр Ғаффоров мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик саноати ривожи йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, соҳанинг узоқ йиллик анъаналари ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланиш ҳамда етказиб бериш географиясини кенгайтириш учун жаҳон бозорларида мақсадли маркетинг ишларини олиб бориш асосида янада мустаҳкамланмоқда.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада Россия, Туркия, Хитой, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 170 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этмоқда. Шунингдек, яқин ва узоқ хорижнинг 15 та мамлакатидан 400 дан ортиқ байерлар қатнашмоқда.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бормоқда.
– Шу нуқтаи назардан, “TextileExpo Uzbekistan” маҳсулотларни тарғиб қилиш, бизнес алоқаларини кенгайтириш ва экспорт имкониятларини ривожлантириш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади. 2004 йилда ташкил этилган “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмаси дастлабки йиллариданоқ маҳаллий тўқимачилик ҳамжамиятининг экспорт салоҳиятини очишга қаратилган муҳим майдонга айланган. Бугунги кунда ушбу кўргазма ўнлаб мамлакатлардан ишлаб чиқарувчилар, харидорлар, чакана савдо вакиллари ҳамда дистрибьюторларни бирлаштирган нуфузли бизнес платформаси ҳисобланади. Бу ерда самарали бизнес алоқалари ўрнатилади, таъминот бўйича музокаралар олиб борилади, янги коллекциялар тақдим этилади ва ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинади.
Шунингдек, кўплаб халқаро мутахассислар учун кўргазма Ўзбекистон фабрикалари билан бевосита ҳамкорлик қилиш ва минтақадаги янги етказиб берувчиларни кашф этиш имкониятини яратади. Натижада кўргазма оддий тақдимот формати доирасидан чиқиб, экспорт етказиб беришни ривожлантириш ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг савдо географиясини кенгайтиришга хизмат қилувчи тўлақонли амалий механизмга айланмоқда, – деди Н.Ҳасанова.
Эътиборли жиҳати, бу йил “Fazo Group”, “Kogon Nur Textile”, “Proftextile”, “Premier Textile”, “Nisa Future” каби 20 дан ортиқ маҳаллий компаниялар илк бор ўз имкониятларини намойиш этяпти.
[gallery-29376]
“Fazo Group” компанияси маркетинг мутахассиси Светлана Смирнованинг сўзларига кўра, мазкур корхона Ўзбекистондаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. У 2000 йилдан буён тўқимачилик соҳасида фаолият юритади.
– Кўп йиллик тажриба корхонага буюртмачилар талабларини самарали бажариш ҳамда юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. “Fazo Group” ички ва ташқи бозорларда сотув ҳажми бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Бу эса корхонанинг юқори ишлаб чиқариш салоҳияти, маҳсулот сифати ва кенг турдаги ассортиментга эга эканидан далолат беради. Компания истеъмолчиларга трикотаж маҳсулотлари, спорт кийимлари, шунингдек, болалар ва ўсмирлар кийимларининг кенг турини таклиф этади.
Муҳими, биз харидорларга сифатли, қулай ва замонавий маҳсулотларни таклиф этишга интиламиз. Бугунги кўргазма биз учун катта имкониятдир, – деди Светлана Смирнова.
Эслатиб ўтамиз, уч кун давом этадиган кўргазма экспозицияси хомашёдан тортиб тайёр маҳсулотлар ва аксессуарларгача бўлган кенг ассортиментни ўз ичига олади.
Насиба Зиёдуллаева,
Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА