Техникум ўқитувчиларига 209,4 миллион сўм устама маблағи ундириб берилди
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникумининг 13 нафар ўқитувчисига тўланмай келинган 209 миллион 400 минг сўм миқдоридаги устама маблағлари ундириб берилди.
Маълум қилинишича, вилоят адлия бошқарувига мазкур таълим муассасасининг бир гуруҳ ўқитувчилари мурожаат қилган.
Мурожаат адлия бошқарувининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўрганилганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга оширишга оид қарорига мувофиқ ўқитувчиларга белгиланган 100 фоизлик ойлик устама маблағлари жорий йилнинг январь ойидан буён тўланмай келинаётгани аниқланган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан Қашқадарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тақдимнома киритилди.
Кўрилган чоралар натижасида техникумнинг 13 нафар ўқитувчисига тегишли бўлган жами 209 миллион 400 минг сўм устама маблағлари тўлиқ ундириб берилди.
Қайд этилишича, адлия органлари томонидан фуқаролар ҳамда ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА