Термизда ёшлар муаммолари ва таклифлари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси аъзолари Термиз шаҳрида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг самарали тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-30734]
Очиқ мулоқотда олий таълим муассасалари талабалари, уларнинг ота-оналари, педагоглар, давлат ташкилотлари ва идоралари вакиллари иштирок этди. Учрашувда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва бандлик соҳасида яратилаётган имкониятлар хусусида фикр алмашилиб, иштирокчиларнинг 200 га яқин мурожаат ва таклифлари тингланди.
Мурожаатларнинг аксарияти таълим, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий масалаларга оид бўлиб, улар юзасидан мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва амалий чоралар белгиланди.
Тадбир давомида айрим мурожаатлар жойида ҳал этилди. Жумладан, Термиз давлат педагогика институтини тамомлаган Лобар Бозорованинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал қилиниб, у Термиз шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабига ишга қабул қилинди.
Учрашувда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат дастурлари ҳамда мавжуд имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА