“Фарғона: кеча ва бугун” фотокўргазмаси очилди (+видео)
Мана бу сурат Марғилоннинг хонлик даври манзаралари. Одамлар юпун, иморатлар пахса лойдан. Буниси эса Фарғонадаги илк нефть конлари. Чимён қишлоғида нефтни бурғуловчи мутахассислар тасвирланган. Кўргазмага шу каби 250 та фотоэкспонат қўйилган. У “Фарғона: кеча ва бугун” деб аталади. Фарғона вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан вилоят ўлкашунослик музейида манзиллар, тармоқлар, шахсларга оид турли давр акс этган фотоҳужжатлар ва уларнинг ҳозирги ҳолати қиёсланган кўргазма очилди.
– Тарих рақам, фото ва виртуал видеотасвирларда қайта жонлангандек бўлди, – дейди Фарғона давлат университети профессори, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Собиржон Сиддиқов. – Бу кўргазмага университет талабаларини олиб келамиз, тарихни далиллар асосида англаш дарсларини ўтамиз.
– Вилоят давлат архивида бугунги кунда 750 мингдан ортиқ сақлов бирлигидаги ҳужжатлар бор ва уларнинг даврийлиги 1917 йилдан бошланади. Бизда 7,5 мингтага яқин фотоҳужжатлар ҳам бор, – дейди Фарғона вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилшод Маллаев. – Шулар асосида “Фарғона: кеча ва бугун” фотокўргазмасини ташкил этдик. Уни музейда намойиш этгандан сўнг барча туман ва шаҳарларга сайёр тарзда олиб чиқиб, халқимизга тараққиётимизнинг аввали ва ҳозири қандай бўлганини кўрсатиб беришни ният қилганмиз.

Фотоҳужжатли кўргазма музей залларида очилгани бу ерга хорижий сайёҳ ва ички туризм иштирокчиларини ҳам жалб этиш имконини беради.
– Статистик маълумотга кўра, ўтган йили салкам 3 миллионга яқин сайёҳ келган бўлса, ундан 500 мингга яқини хорижликлар эди. Бугунга келиб, 8 ой мобайнида 5 миллионга яқин маҳаллий ва 500 минг нафар хорижий сайёҳлар Фарғонага ташриф буюрди, – дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов. – Олдимизда ҳали фестивалларимиз ва жуда катта тадбирларимиз бор. Йил якунигача бу кўрсаткични 2 бараварга ошириш мумкин.

Сайёҳлар сони ошишида шундай кўргазмалар ташкил этилаётганининг ўрни катта. У туризм салоҳиятини ва Фарғонамизга қизиқувчи сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

frame width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WDkXEiK2quU" title="“Farona: kecha va bugun” fotokorgazmasi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА