Термизда янги хусусий мактаб иш бошлади
Термиз шаҳрида 1 минг 100 ўринли хусусий мактабнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда кейинги йилларда таълимга қаратилаётган эътибор соҳани ҳар тарафлама ривожлантириб, ёш авлоднинг илм-фан сирларини чуқур ўрганишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда хусусий боғча, мактаб ва олий таълим муассасалари сафи кенгайиб бораётгани ҳақида сўз юритди. Ташаббускор тадбиркорларнинг соҳага жаҳон стандартларини олиб кирадиган лойиҳаларни йўлга қўяётгани таълим муассасалари ўртасида ҳалол рақобатни шакллантираётгани қайд этилди. Ёш авлодни Янги Ўзбекистонга муносиб ўғил-қизлар этиб, камолга етказиш мақсади билан барча шароитларга эга, замонавий хусусий мактаб бунёд этган тадбиркорга чуқур миннатдорлик билдирилди.

Мамлакатимиз таълим тизимини юксалтиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорнинг барча шароитларга эга 360 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилотида ҳам жажжи болажонлар тарбияланмоқда.

Янги хусусий мактабни қуриб фойдаланишга топшириш учун 8 миллион доллар маблағ сарфланиб, 55 нафар малакали педагогнинг бандлиги таъминланди.

Тантанали тадбир якунида иштирокчилар илмга чанқоқ ўқувчилар билан суҳбатлашди. Совғалар улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири