Болажонлар учун янада қулай ва замонавий шароит яратилди
Бугун юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болалар учун замонавий ва қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий талаблар асосида таъмирланмоқда ва ободонлаштирилмоқда.
Навоий шаҳридаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг мукаммал таъмирланиб, қайта фойдаланишга топширилиши ҳам ана шундай эзгу ишлардан биридир.

– Мазкур мактабгача таълим ташкилоти 1990 йилда қурилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган эди, – дейди боғча мудираси Адиба Элмуродова. – Бугун эса муассаса замонавий талаблар асосида янгиланиб, тарбияланувчилар учун янада қулай шароитга эга бўлди. 450 нафар болага мўлжалланган ташкилотни таъмирлаш ишларига 7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Мазкур маблағ “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ажратилди.

Бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари “Асл монтаж” МЧЖ томонидан бажарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири