Термиз шаҳри кўчаларида қўшимча сув сепиш ишлари олиб борилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жазирама кунларда аҳоли учун қулай муҳит яратиш, ҳаво ҳарорати таъсирини юмшатиш ҳамда кўчалардаги чанг миқдорини камайтириш мақсадида Термиз шаҳрининг марказий ва асосий кўчаларида қўшимча сув сепиш ишлари ташкил этилмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур тадбирлар махсус тасдиқланган жадвал асосида ҳар куни амалга оширилмоқда. Сув сепиш ишлари ҳаво ҳарорати меъёрий ҳолатга келгунига қадар давом эттирилиши режалаштирилган.
[gallery-30433]
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида сув сепиш ишлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати кўмагида транспорт ва пиёдалар ҳаракати нисбатан кам бўлган вақтларда ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, шаҳардаги газонлар, дарахтлар ва бошқа яшил ҳудудларни суғориш ишлари ҳам кучайтирилган. Бу эса ёзнинг иссиқ кунларида шаҳарнинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ҳамда аҳоли учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА