Кўп квартирали уйлар бошқаруви янгича тизимга ўтмоқда
Мамлакатимизда коммунал хизматлар тизимини модернизация қилиш, кўп квартирали уйларни самарали бошқариш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада эришилган натижалар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни» тадбирида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига тақдим этилди.
Тадбирда соҳани рақамлаштириш, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими, кўп квартирали уйларни бошқариш, иссиқлик таъминоти, ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда республикада 45 минг 663 та кўп квартирали уйда 1,6 миллионга яқин хонадон бўлиб, уларда 7 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ушбу уйларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида сўнгги йилларда бошқарув ташкилотларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, 90 миллиард сўмдан зиёд инвестиция жалб этилди. Айни пайтда соҳада 18 минг 808 нафар ходим фаолият юритмоқда.
[gallery-30438]
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 4 минг 339 та кўп квартирали уйда 172,4 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида эса 6 минг 686 та уйда томлар, муҳандислик тармоқлари, кириш йўлаклари ва электр жиҳозларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Энергия тежамкорликни таъминлаш мақсадида уйларни базальт қопламаси билан иссиқлик изоляция қилиш ишлари кенгаймоқда. 2025–2026 йилларда 1 минг 617 та уйни изоляция қилиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 538 та уйда бу ишлар бажарилди.
Лифт хўжалигини модернизация қилиш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Жорий йилда 750 та лифтни таъмирлаш ва янгилаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 542 та лифт фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Соҳада рақамли бошқарув механизмлари ҳам кенг жорий этилмоқда. «Менинг уйим» ахборот-биллинг тизими орқали мулкдорлар коммунал тўловларни онлайн амалга ошириш, хизматлар ҳақида маълумот олиш, бошқарув компаниялари ҳисоботлари билан танишиш, электрон мурожаат юбориш ва уларнинг ижросини кузатиш имкониятига эга бўлди. «Турар жой» миллий ахборот тизими эса кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда юритиш имконини бермоқда.
Иссиқлик таъминоти тизими ҳам босқичма-босқич модернизация қилинмоқда. Бугунги кунда 16 минг 610 та кўп квартирали уй, 761 мингдан ортиқ хонадон ва 2 минг 543 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланмоқда. Бу жараёнда 555 та қозонхона ҳамда 3 минг 784 километр иссиқлик тармоқлари хизмат кўрсатмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда соҳада 150 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 173 та қозонхона ва 1 минг 274 километр иссиқлик тармоқлари қурилди, реконструкция қилинди ёки таъмирланди. Бунинг натижасида 3 минг 800 дан ортиқ кўп квартирали уй ҳамда 371 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти яхшиланди.
—2026 йил инвестиция дастури доирасида биринчи ярим йилликда 71,8 километр иссиқлик тармоғи қурилиб, 19 та янги иситиш қозони ўрнатилди, — дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. — Йил якунига қадар яна 153,7 километр тармоқ ва 61 та қозонни ишга тушириш режалаштирилган. Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда 31 миллиондан ортиқ аҳоли, яъни мамлакат аҳолисининг 82,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Шунингдек, 8,3 миллион нафар аҳоли оқова сув хизматларидан фойдаланмоқда.
Сўнгги саккиз йилда соҳага 20 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 36 минг километр сув тармоқлари ҳамда 3,5 мингдан зиёд иншоот барпо этилди. Айни пайтда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/wRoVhiDS8lU?si=-FqrTAAE16W9ebx0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат),
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА