Теннис: Бармичева "Ролан Гаррос" финал босқичига йўлланма олди
Ўзбекистонлик ёш теннисчи халқаро майдонда ўзини кўрсатди. Нуфузли "Roland-Garros Junior Series" саралаш босқичидаги муваффақият Япониядаги финалга йўл очди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 16 ёшгача бўлган теннисчилар ўртасида ўтказилган “Roland-Garros Junior Series by Renault – West and Central Asia” саралаш турнирининг қизлар ўртасидаги баҳсларида Ўзбекистон вакили Александра Бармичева барча рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллади.
Бу А.Бармичевага жорий йилнинг октябрь ойида Японияда ўтказиладиган “Roland-Garros Junior Series” финал босқичида иштирок этиш имконини беради. Японияда бўлиб ўтадиган финал босқичида ёш теннисчилар 2027 йилги “Roland-Garros Junior” турнирининг асосий тўрига йўлланма учун баҳс олиб боради.
Шу тариқа Александра Бармичева Ўзбекистон ёшлар тенниси учун муҳим натижа қайд этиб, халқаро майдондаги навбатдаги мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА