Футболчиларимиз Уругвай ва Испания термаси билан ўйнайди
Қатарда ўтказиладиган U-17 жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Испанияда жиддий синовларга киришади. Бу сафарги йиғин жамоанинг мундиалдаги имкониятларини белгилаши мумкин.
Аввал хабар берганимиздек, 2026 йилнинг 19 ноябрь кунидан 13 декабрь санасига қадар Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Айни дамда мундиалга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U17 терма жамоаси Тошкентдаги ўқув-йиғин машғулотларини якунлаб, Испанияга йўл олди.
Сергей Чигодаев шогирдлари Испанияда икки ўртоқлик учрашувида иштирок этади. Хусусан, жамоамиз 25 август куни Уругвай, 27 август куни эса Испания U17 терма жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур баҳслар Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг «E» гуруҳидан жой олган бўлиб, Италия, Ямайка ва Кот-д’Ивуар вакилларига қарши баҳс олиб боради. Жаҳон чемпионатида 48 та терма жамоа иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА