Теҳрон Ҳурмуз бўйича АҚШга шартини Покистон орқали етказди
Эрон Вашингтонга Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ талабини Покистон армияси раҳбари Осим Мунир воситачилигида юборди. “Tasnim” агентлиги хабар беришича, генерал ташрифидан мақсад таҳдид қилиш эмас, балки Теҳрон ёндашувини етказиш ва эҳтимолий музокарага йўл очиш.
Эрон томони Исломобод меморандуми шартига, айниқса Ҳурмуз бўғозига оид 5-бандга қайтиш ва шартни амалга ошириш талабини қўйган. Яъни, Теҳрон сув йўли орқали тижорий кемалар хавфсиз ўтишини таъминлаши ҳамда бўғозни келгусида бошқариш ва денгиз хизмати кўрсатиш масаласида Ўмон билан маслаҳатлашиши лозим.
Осим Мунир Теҳронда Президент Масъуд Пезешкиён ва бошқа юқори мартабали мулозимлар билан учрашган.
АҚШ ва Исроил кучларининг Эронга қўққис ҳужуми ва Теҳроннинг жавоб зарбаси билан ҳудудда кескинлик кучайган. Кейинроқ икки томон ўртасида келишув имзоланишига қарамай, Ҳурмуз бўғози бўйича келишмовчилик ҳал қилинмаган. Жанговар ҳаракат, ўзаро ҳужум қайта-қайта такрорланавергани сабабли Покистон ушбу музокарада воситачилик қилишга уринмоқда.
Мақола ЎзА ва “Анадолу” ахборот агентлиги ҳамкорлиги доирасида тайёрланди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА