Истанбулда кучли ёмғир
Истанбул шаҳрида икки кундирки кучли ёмғир ёғяпти. Қатор ҳудудларни сув босган, автомобиллар сел оқимида қолган. Сариер туманида сел машиналарни оқизиб кетди. Фотиҳ туманида 14 ёшли бола электр токи уриши натижасида ҳалок бўлди.
Истанбул ҳукумати хабар беришича, фожиа Фотиҳ тумани Балат маҳалласидаги Чуқурбостан боғида содир бўлган. Сув тўпланган жойдан ўтаётган болани ток урган. Жабрдийда шифохонага етказилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Кучли ёғингарчилик Айязага маҳалласида ҳам жиддий оқибат келтириб чиқарди. Сел тўхтаб турган автомобилларни оқизиб кетди. Машиналар бир-бирига ва биноларга урилиб сув оқимига қўшилди. Ҳудуддаги айрим корхоналар ва автомобиль тураргоҳларини ҳам сув босди.
Шимолий Мармара автомагистралининг айрим қисмларида сув тўпланиб, транспорт ҳаракати қийинлашди. Сариер соҳилида денгиз суви қирғоқдан ошиб, қуруқлик томон тарқалди.
14 октябрь куни соат 06:00 дан 20:00 га қадар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) ва 112 тезкор чақирув марказига жами 2 518 мурожаат тушган. Аксар шикоят тошқин натижасида турар-жой ва муассасаларни сув босиши, машиналарга зарар етиши ҳамда одамлар хавф остида қолиши билан боғлиқ.
Табиий офат оқибатини бартараф этишга 8 000 ходим, 2 000 транспорт воситаси ва махсус техника жалб этилди.
Метеорология маркази маълумотига кўра, энг кўп ёғингарчилик Бейкоз туманидаги Ўмерли ҳудудида қайд этилган: бир квадрат/метр жойга 193,84 кг ёғин тушган. Сариер туманидаги ИТУ Маслак ҳудудида ушбу кўрсаткич 124,72 килограммни ташкил этган.
Кучли ёғин сабаб Истанбулда таълим тизимига ҳам вақтинча чеклов жорий этилди. Маҳаллий ҳокимлик аҳолидан эҳтиёт чорасини кўриш, сув босган йўлдан юрмаслик ва расмий огоҳлантиришга риоя қилишни сўраган.
Айни пайт шаҳарда ҳодиса оқибатини бартараф этиш, етказилган зарарни аниқлашга киришилган.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия