Театр нега иккига бўлинган эди?
Ўз даврида "Ҳамза" театри номи билан фаолият юритган театр ижодий жамоасининг энг етакчи санъаткорлардан иборат катта гуруҳи бошқа театр таркибида иш бошлайди. Бу нафақат ушбу театр, балки миллий театр санъатимиз ривожига ҳам жиддий таъсир кўрсатган эди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида юз берган бу ҳодисалар театр санъатини қадрлайдиган ҳар бир инсон қалбини ларзага солгани шубҳасиз. Таниқли санъаткор, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова қаламига мансуб «Режиссёр» китобининг аҳамияти шундаки, унда шўролар даври парчаланиши арафасида юртимиз театр санъатининг энг етакчи масканларидан бирида кечган мураккаб жараёнлар атрофлича таҳлил этилган.
Айтиш жоизки, «Режиссёр» актриса Дилором Каримованинг хотираларга асосланган мемуар асари бўлиб, унда ўзбек театри тарихининг энг оғриқли саҳифалари ҳаётий воқеалар ва шахсий кечинмалар орқали ёритилади. Асарда таниқли режиссёр Тошхўжа Хўжаевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, турли фитналар оқибатида театрдан узоқлашиши, бошига тушган оғир маънавий зарбалар, бир пайтлар ўзи таълим бериб, камолга етказган шогирдлари томонидан унутилиши таъсирчан хотиралар орқали акс эттирилган.

Китобдан ўрин олган «Театр» эссеси эса «Режиссёр» асарининг мантиқий давоми сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Унда Тошхўжа Хўжаев театрдан кетганидан сўнг ижодий жамоада юз берган кўнгилсиз воқеалар, бир вақтлар Ҳамза номидаги театр деб аталган машҳур ижодий даргоҳнинг иккига бўлиниб кетиши ва бу жараённинг оқибатлари батафсил баён этилган.
Пойтахтимиздаги «Ренессанс» кино мажмуасида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Дилором Каримованинг «Режиссёр» китоби, унинг мазмун-моҳияти ва миллий театр санъати тарихини ўрганишдаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Аҳмедов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Сувон Мели, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, театршунос олим Омонулла Ризаев, ёш адиб Жавлон Жовлиев ва бошқалар сўзга чиқиб, янги асарнинг бадиий ва маърифий аҳамияти, унинг театр санъатини чуқурроқ англаш ва ўрганишдаги ўрни хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бу китобни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабаларга дарслик сифатида ўқитиш керак, — деди адабиётшунос олим Сувон Мели. — Токи ёшларимиз театр санъатининг қадр-қимматини, унинг ортида турган улкан меҳнат ва фидойиликни чуқур англаб етсинлар.
— Вақт ўтиб боряпти, вақт кетяпти, — деди адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. — Дилором опа ўз китобида икки режиссёр билан боғлиқ давр ҳақида сўз юритган. Бу даврлар орасида гўё муайян бўшлиқ бордек. Ана шу вақт мобайнида кўп нарсаларга парда тортилган, кўплаб ҳақиқатлар яширин қолган. Бугун эса ўша пардалар бирин-кетин очилмоқда, яширин қолган воқеалар ойдинлашмоқда. Агар ўтмиш унутилмаганида, ўша режиссёрларнинг ҳаёти ва ижодидан олинган сабоқлар сақлаб қолинганида, бугун санъатимизда, эҳтимол бошқачароқ фикрлар, бошқачароқ интилишлар ва ҳаракатлар шаклланган бўлар эди. Афсуски, ана шу оралиқдаги муайян бўшлиқ ўз асоратларини қолдирди.

Дилором опанинг китоби ана шу бўшлиқни тўлдириш, миллат санъати тарихидаги муҳим ва оғриқли саҳифаларни қайта тиклаш йўлидаги аҳамиятли қадам. Бу асар нафақат театр ва санъат аҳли, балки бутун зиёлилар қатлами учун ҳам маънавий сабоқ бўла олади. Китобнинг ҳар бир саҳифасидан ижодкорнинг юрагидан, қалбидан сизиб чиққан аламли оҳлар, дард ва изтироблар сезилиб туради. Унда муайян даврларда йўл қўйилган сусткашликлар, чекинишлар, айтилмай қолган гаплар, ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам айрим вазиятларда сукут сақлашга мажбур бўлган ҳолатлар ҳақида сўз боради.
Асарда Тошхўжа Хўжаев, Баҳодир Йўлдошев каби устоз ижодкорларнинг ижодий лабораторияси, иш услуби, ўзбек театр санъатини ривожлантириш, уни юксалтириш борасидаги меҳнатлари, саҳнага, санъатга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ҳаётий воқеалар ёрдамида жуда таъсирли ифодаланган.
Муаллифнинг ўзига нисбатан ниҳоятда талабчанлиги, ўз хатоларини ҳам яширмасдан таҳлил этиши, фикрларидаги кескинлик ва қатъият китобнинг таъсир кучини янада оширган. Шу жиҳатлари билан асар нафақат ўқишли, балки ҳар бир ўқувчини мушоҳадага чорлайдиган, келажак авлод учун муҳим маънавий манбага айланган. Айниқса, санъат соҳасида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларнинг столи устида туриши, улар қайта-қайта мурожаат қилиб, сабоқ оладиган китоблардан бири бўлиши керак.
Дилором Каримованинг «Режиссёр» китоби катта қизиқиш ва ҳаяжон билан, баъзан ҳайрат, баъзан таассуф ва қалб изтироблари билан мутолаа қилинади. Энг муҳими, асарда илгари сурилган қимматли фикрлар ўқувчини театр санъатига янада теранроқ назар ташлашга, саҳна ортида кечган ўта мураккаб, баҳсли ва зиддиятларга, курашларга тўла жараёнларга зийрак кўз билан қарашга ундайди. Чинакам саҳна асарлари қандай машаққатлар эвазига яратилиши, ўзини, борлиғи ва бутун умрини театр санъатига бағишлаган улуғ дарғаларнинг фидойилиги, заҳматли меҳнати ҳақида чуқур мушоҳада юритишга чорлайди.
Зеро, театр тарихини англаш бу фақат саҳнадаги ютуқларни эмас, балки унинг ортида қолган сабоқлар, тақдирлар ва фожиаларни ҳам унутмаслик демак.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири