Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Халқаро Нордик университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
Халқаро Нордик университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод Мустафақулов ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов журналист кадрлар маҳоратини ошириш, талабаларни ишлаб чиқариш амалиётига кенг жалб қилиш, соҳада медиа лойиҳаларини ривожлантириш бўйича инновацион корпоратив ҳамкорлик битимини имзолади.
Ушбу стратегик шерикликнинг асосий мақсади журналистика соҳасида бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг назарий билимларини бевосита амалиёт билан боғлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва замонавий медиа бозорида рақобатбардошлигини таъминлашдан иборат.

Корпоратив ҳамкорлик доирасида талабаларнинг касбий тайёргарлиги ва амалиёт тизимини мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқиш кўзда тутилган.
Бунда Университетнинг илмий-инновацион салоҳияти ҳамда Уюшманинг ижодий тажрибаси бирлаштирилиб, янги рақамли платформалар, подкастлар, муаллифлик кўрсатувлари ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар яратилади.

Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида маҳорат дарслари, тренинглар ва ижодий учрашувларни мунтазам ташкил этиш, таниқли журналистлар, тажрибали муҳаррирлар ва халқаро экспертлар иштирокида амалий машғулотлар ташкил этишга келишиб олинди.
ЎзА