Тажриба алмашиш тараққиётга хизмат қилади
Республикадаги барча вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари Тошкент вилоятида бўлиб, ҳудудда қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва илғор тажрибалар билан танишди.
Дастлаб, Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Қорабоев делегация вакилларига Бўстонлиқ туманидаги “AGROVER” МЧЖга қарашли “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” фаолияти ҳақида маълумот берди.
Бу ерда картошка уруғларини қадоқлаш, экспортга тайёрлаш, шунингдек, ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан таъминлаш жараёнлари намойиш этилди. Шу билан бирга, картошканинг серҳосил навларини етиштириш, ҳосилни сақлаш, ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш борасида тўпланган тажрибалар тақдим этилди.

Учрашув давомида такрорий экин экиш орқали мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф дастури доирасида делегация вакиллари вилоятдаги янги туризм объектлари фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу масканларда яратилган шароитлар, хизмат кўрсатиш имкониятлари ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Мазкур ўрганиш ишлари ҳудудлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қишлоқ хўжалигида самарали ёндашувларни оммалаштириш, шунингдек, аграр ва туризм соҳаларида мавжуд имкониятлардан янада унумли фойдаланишга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА