ИИВ вазири қабули: 481 мурожаатдан 236 таси жойида ҳал этилди
Жамият ва давлат ўртасидаги ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга оқилона ечим топиш ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан жойларда сайёр қабуллар изчил ўтказилмоқда.
Бу каби амалий учрашувлар фуқаролардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни атрофлича ва холисона таҳлил қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини муносиб ҳимоялаш ҳамда юзага келаётган муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов бошчилигида бўлиб ўтган навбатдаги қабулда вазир ўринбосарлари, соҳавий тузилмалар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Қабул жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини атрофлича кўриб чиқиш, улар юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаш ва ҳар бир масалага аниқ ҳуқуқий баҳо беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир мурожаатчилар учун максимал даражада енгил ва қулай шаклда ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари раҳбарият билан бевосита юзма-юз мулоқотда бўлган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда узоқ ҳудудларда яшовчи фуқаролар замонавий видеоконференцалоқа воситалари орқали жараёнга қўшилиб, ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита етказиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирда 481 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларнинг 236 таси ёки 49 фоизи бевосита қабулнинг ўзида ижобий ечимини топди. Қўшимча ўрганиш ва суриштирув талаб этган 245 та мурожаатнинг ижроси қатъий назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматларга йўналтирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан ўтказилган қабулларда 199 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 74 таси, яъни 37 фоизи жойида ҳал этилган бўлса, қолган 125 та мурожаат бўйича қўшимча текширув ўтказиш ва ҳуқуқий ечим ишлаб чиқиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Бу каби сайёр қабуллар аҳоли ва давлат ҳокимияти ўртасидаги самимий ва дўстона мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар муаммоларига тезкорлик билан ечим топиш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА