Таянч-ҳаракат тизими хасталикларининг олдини олиш – тиббиётнинг устувор йўналишларидан бири
Бугунги кунда инсон саломатлигини асраш, жумладан, таянч-ҳаракат тизими хасталикларининг олдини олиш ва уларни эрта босқичда аниқлаш глобал тиббиётнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Маълумки, ревматик касалликлар нафақат катта ёшдагилар, балки ёшлар орасида ҳам учраб, ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис, ушбу мураккаб патологияларга қарши курашиш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш бугунги кун ревматологияси олдида турган энг долзарб вазифалардандир.
Ана шундай муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда илғор тажриба алмашиш мақсадида пойтахтимизда VIII Евроосиё ревматологлар конгресси ўтказилди. Мазкур нуфузли халқаро анжуман Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ревматологлар ассоциацияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз мутахассислари билан бирга Хитой, Россия, Франция, Сингапур, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 10 дан ортиқ давлатдан 70 нафардан зиёд таниқли олимлар, спикерлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Конгресс доирасида евроосиёлик мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган маърузалар тингланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ревматология бўйича бош консультанти, профессор Ҳилола Мираҳмедова «Ўзбекистон ревматологияси: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида маъруза қилди. Маърузада миллий ревматологиянинг эришган ютуқлари, замонавий диагностика ва даволаш имкониятлари, соҳани рақамлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
– Ўзбекистон миллий ревматология мактабининг асосчиси, мутахассисларнинг бутун бир авлодини тарбиялаб вояга етказган атоқли олим — профессор Тўхтамиш Салиевич Салиевнинг бой илмий мероси бугунги кунда ҳам соҳа тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Ҳ.Мираҳмедова. – Ҳозирги кунда ревматоид артрит, подагра ва турли тизимли аутоиммун хасталикларни эрта босқичда аниқлаш, замонавий биологик препаратларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Соҳани рақамлаштириш, халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни миллий амалиётга мослаштириш орқали беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати янада яхшиланмоқда. Шу билан бирга, энг устувор вазифа сифатида замонавий диагностика ва даволаш ёндашувларини фақатгина пойтахтда эмас, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бир хил юқори мезонларда жорий этиш, жойларда ихтисослаштирилган ревматологик ёрдам кўламини кенгайтириш ҳамда миллий мактаб анъаналарини муносиб давом эттирадиган янги авлод юқори малакали кадрларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент давлат тиббиёт университети 1-сон факультет ва госпитал терапия, ревматология ва касб патологияси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилдора Набиеванинг маърузаси эса аксиал спондилоартритни босқичма-босқич даволаш масалаларига бағишланди.
– Бу мавзунинг долзарблиги шундаки, аксиал спондилоартрит кўпинча фаол меҳнат ёшидаги инсонларда учрайди ва агар касаллик ўз вақтида аниқланмаса ёки даволаш кечикса, беморнинг кундалик ҳаёти ва меҳнат фаолиятини жиддий равишда чеклаши мумкин, – деди Ж.Набиева.

Конгресс доирасида Ёш олимлар танловининг биринчи саралаш босқичи ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистондан 50 нафар ёш тадқиқотчи иштирок этиб, замонавий ревматологиянинг асосий йўналишларини қамраб олган илмий ишларни тақдим этди. Биринчи босқич натижаларига кўра, иккинчи босқичда қатнашиш учун 15 та энг яхши илмий иш саралаб олинди. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етакчи профессор ва мутахассисларидан иборат халқаро экспертлар ҳайъати финалчиларнинг ишларини баҳолади. Ушбу танлов ёш тадқиқотчиларни рағбатлантириш ва соҳада халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим минбар бўлиб хизмат қилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ревматологияси миллий мактабнинг бой анъаналарини, энг сўнгги замонавий технологиялар ҳамда халқаро стандартларни уйғунлаштирган ҳолда янги, юқори босқичга кўтарилаётир. Келгуси ривожланишнинг асосий йўналиши — замонавий ёндашувларни ҳудудларда ҳам изчил жорий этиш, ихтисослаштирилган ревматологик ёрдам кўлами ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда янги авлод юқори малакали ревматологларини тайёрлашдан иборат.
Моҳигул Қосимова, ЎзА