Рақамлаштириш: тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилади
Бугунги кунда мамлакатимизда рақамлаштириш орқали соҳалар фаолияти, имкониятлар кўлами, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Бу борада Андижон вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шоҳрухмирзо Мамажонов. - Хусусан, тиббиёт муассасаларига соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 837 дона моноблок, 2 минг 200 дона планшет, 45 дона инфокиоск, 143 дона ноутбук ва бошқа техник жиҳозлар тақдим этилди. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 минг 565 дона компьютер, 1 минг 137 дона планшет, 125 дона инфокиоск ва бошқа 14 турдаги техника воситалари харид қилинди. Шу тариқа Хонобод шаҳар, Бўстон, Шаҳриҳон туманларининг техникаларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди.
Умуман, бугунги кунга қадар вилоят бўйича бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасалар 6 минг 730 дона компьютер, 3 минг 600 дона планшет ва бошқа 14 турдаги 6 мингдан ортиқ ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 190 та тиббий муассасада интернет тезлиги 10→100 Мбит/с, 55 тасида 20→300 Мбит/с.га оширилди. Жами 266 тиббиёт муассасаси рақамли тизимларга уланди, 261 таси DMED тизимида фаоллаштирилди, 17 туман тиббиёт бирлашмаси, 226 бирламчи тиббий-санитария, 261 та даволаш муассасаси «Омбор» модулига уланди, 34 та муассасада «Касса» модули ишга туширилди. Кассаларга онлайн видеокузатув ўрнатилиб, уларнинг барчаси рақамли марказга уланди.
Бундан ташқари, вилоятдаги 818 та хусусий клиниканинг 720 таси, 1 минг 61 та хусусий дорихонанинг барчаси DMED «Электрон рецепт» модулига уланган.
Вилоятнинг барча туманларида реимбурсация, яъни амбулатор (уй шароитида) даволанаётган сурункали касалликларга чалинган беморларга оилавий шифокор томонидан ёзиб бериладиган электрон рецепт асосида дори воситалари харажатларини давлат бюджети ва давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш (бепул тақдим этиш) тизими ҳудудга киритилди.
Дорихоналарни интеграция қилиш ва шартномалар тузиш бўйича 45 та LIST, 22 та PACS — жами 67 та ускуна ахборот тизимига, шунингдек, 2 минг 510 та планшет интернетга уланган, 150 та тиббий бригада учун “трекинг” тизими жорий этилган. Қолаверса, 261 та тиббий муассасада «Мухлиса AI», 261 тасида «ТОП-3» (диагноз) AI тизимлари жорий этилган, 2 минг 200 нафар соҳа ходими IT тизими бўйича ўқитилди.
Жорий йилда вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамли мониторинг қилиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини марказлашган ҳолда назорат қилиш мақсадида Рақамли соғлиқни сақлаш маркази барпо этилди. Мазкур марказ вилоят соғлиқни сақлаш тизимида рақамли бошқарувни ривожлантириш, туман ва шаҳарлар кесимида ахборот тизимларининг ишлаш ҳолатини кузатиш, мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини мувофиқлаштиришда муҳим инфратузилма ҳисобланади.
Бошқарма, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари мутахассислари томонидан тизимда рақамлаштириш ишларини тўлақонли амалга ошириш учун қўшимча техника воситаларига бўлган талаб ва эҳтиёж ўрганилиб борилмоқда. Ўрганишлар натижасига кўра, айни пайтда 2 минг 510 дона компьютер, 872 дона планшет, 291 дона ақлли монитор, 120 дона принтер, 490 дона термопринтер, 330 та MyID тизими учун камера зарурлиги аниқланди. Тиббий муассасаларни ана шу техника воситалари билан таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш жараёнлари изчил амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири