“Tashkent Grand Prix” турнири юқори савияда ўтди
Пойтахтимиз яна бир нуфузли халқаро мусобақага мезбонлик қилди. Аниқроғи, “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган велодромда илк бор велотрек бўйича “Tashkent Grand Prix” халқаро турнири ўтказилди.
Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) тақвимига киритилган мазкур мусобақада 10 га яқин давлатдан профессионал спортчилар иштирок этди.

Беллашувларда велоспортчилар қимматли рейтинг очколари учун кураш олиб бормоқда.
Турнирнинг сўнгги кунида ўтказилган “Madison” пойгаси эркаклар ўртасидаги баҳсларида Сергей Ростовцев ва Дмитрий Бочаровдан иборат Ўзбекистон миллий терма жамоаси 67 очко жамғариб, чемпионга айланди.

Ҳиндистон терма жамоаси вакиллари Вишавжит Сингҳ ҳамда Ҳаршвир Секхон 45 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Алимардон Жамолдинов ва Муҳриддин Сапаров жуфтлиги 31 очко билан учинчи поғонадан жой олди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Гулназ Хатунсева ва Нафосат Қозиева жуфтлиги 85 очко билан ғолиб бўлди. Самира Исмоилова ҳамда Асал Ризаевадан иборат Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 очко билан кумуш медални қўлга киритди. Ҳиндистонлик Свасти Сингҳ ва Пужа Даноле жуфтлиги эса 19 очко билан бронза медалига сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА