Ташаббускор ёшлар инновацион лойиҳаларини намойиш қилди
"Ёшлар куни" муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида ёшларнинг стартап ва инновацион ғояларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Нурафшон шаҳрида ташкил этилган мазкур тадбирнинг асосий мавзуси ёшлар томонидан илгари сурилаётган истиқболли лойиҳаларни тинглаш, уларни қўллаб-қувватлаш, амалиётга татбиқ этиш ҳамда ташаббускор ёшларни рағбатлантиришдир.

Унда барча туман ва шаҳар ҳокимлари, банк тизими вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда тегишли соҳа мутасаддилари ҳам иштирок этди. Очиқ мулоқотда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 50 нафар ёш ташаббускорнинг истиқболли стартап лойиҳалари ва инновацион таклифлари тақдим этилди.

— Ғоялар орасида ахборот технологиялари, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, ёшлар тадбиркорлиги ва замонавий бизнес каби йўналишлар барчада қизиқиш уйғотди. Ҳар бир лойиҳа ёшларнинг янгича фикрлаш қобилияти, ташаббускорлиги ва ҳудудларни ривожлантиришга бўлган интилишларини яққол кўрсатди. Бундан хурсандмиз, — дейди Тошкент вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳожиев.

Тадбир давомида ёшлар ўз стартап лойиҳаларининг мақсади, иқтисодий самарадорлиги, амалий аҳамияти, бозор талаби ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берди. Айниқса, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар сифатини ошириш, маҳаллий имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда инновацион ёндашувларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ғояларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда иштирок этган банк вакиллари ёшларнинг бизнес ва стартап ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ва имтиёзли маблағлар ажратиш, шунингдек, лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш механизмлари юзасидан ўз таклифларини билдирди. Олий ўқув юрти раҳбарлари эса илмий ёндашув, замонавий билим ва амалий тажрибани уйғунлаштириш орқали ёшларнинг лойиҳаларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Вилоят ҳокими томонидан ҳар бир таклиф атрофлича тингланиб, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқариш, ҳудудлар бўйича манзилли ишлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.


Жумладан, ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни амалий лойиҳаларга айлантириш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан экани айтилди.
А. Мусаев, ЎзА