Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий салоҳияти оширилмоқда
Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада юксалтириш, бой тарихий меросимиз ва илм-фан анъаналарини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташаббуси билан тизим ходимлари, соҳавий хизмат вакиллари ҳамда академик лицей ўқувчилари учун мазкур марказга мунтазам ташрифлар ташкил этилмоқда.
Эътиборлиси, бугунга қадар ўтказилган шундай тадбирлар доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва таркибий бўлинмаларидан 1 минг 500 нафардан ортиқ ички ишлар органлари ходимлари қамраб олинди.

Ташриф давомида иштирокчилар марказ экспозициялари билан яқиндан танишиб, буюк алломалар — Имом ал-Бухорий, Муҳаммад ал-Хоразмий ҳамда Амир Темурнинг бой мероси ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлмоқда. Уларнинг илм-фанга садоқати, адолат ва ватанпарварликка асосланган ҳаёт йўли бугунги кунда ҳам ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, тадбир доирасида вазирлик тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби” ҳамда академик лицей ўқувчиларига давлатимиз раҳбари муаллифлигидаги китоблар ҳамда Ички ишлар вазири имзоси туширилган табрик-мурожаатномаларни тантанали топшириш маросими ҳам ташкил этилди.

Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимлар ва ёшлар онгида Ватанга садоқат, қонунийлик ва адолат тамойилларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаб, уларнинг касбий ва инсоний фазилатларини уйғун ривожлантиришга хизмат қилади.
***
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ички ишлар вазирлиги академик лицейи ўқувчилари билан мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ички ишлар вазири ташаббуси ҳамда Марказ раҳбарияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир ёш авлодни миллий мерос, замонавий билим ва касбий масъулият руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамият касб этди.

Учрашувда Ички ишлар вазирлиги вакили, полковник Сахипжамал Джолдасова ёшларнинг келажак касбий йўли, масъулияти ва жамиятдаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди. Таъкидланганидек, бундай эътибор ва рағбат ёшларнинг замонавий, фидойи ва Ватанга садоқатли ички ишлар органлари ходимлари сифатида шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Учрашувдан сўнг ўқувчилар Марказ музейининг бой экспозицияси билан танишиб, аждодларимизнинг беқиёс илмий ва маданий меросини яқиндан кўриш имконига эга бўлди. Улар ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бундай ташрифлар нафақат билим, балки маънавий руҳиятни бойитишини алоҳида таъкидлади.
Мазкур учрашув ва ташриф ёшларни юксак маънавият, ватанпарварлик ва касбий садоқат руҳида тарбиялаш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.
Фарангиз РАШИДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси