Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Спорт – тинчлик элчиси, деган гапни тез-тез эшитамиз. Бадиий адабиёт кўнгил элчиси эканига эса, эҳтимол, кўпчилик эътибор бермас. Китоб кириб борган хонадонда маърифат, илм-у урфон ўқирман кўнглига соғинтириб очилган гулдек ёруғлик ила гўзал туйғулар бахш этади.
Тил ва миллат бор экан, адабий алоқалар узилмайди. Мана, олти асрки, ўзбек ва озарбайжон халқлари адабий ҳамкорлиги бардавом. Бугунги тезкор замонда бу алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи 1929 йил қардош эллар орасида биринчи бўлиб озар тилига ўгирилган. Бу буюк асар Бокуда 2023 йил қайта нашр этилди.

Тошкентда “ХХ аср Озарбайжон шеърияти антологияси”, қардош эл ёзувчиларининг ҳикоялари тўплами – “Умрдан узун кеча нашр этилди.
Олим ва таржимон, филология фанлари доктори Рамиз Асқар атоқли шоир ва ҳукмдор Ҳусайн Бойқаронинг “Девон”и, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сайланма асарлари ва “Бобурнома”си, шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса”си, замондош шоира Хосият Рустамованинг “Мажнунтол” китобини озар тилига ўгириб, шу китобларга сўзбоши, қайд ва шарҳ ёзди, луғат тузди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Сўз чамани” номи билан атоқли шоир Фузулий ғазалларидан иборат девон чоп этилди. Уюшма аъзоси, истеъдодли шоир ва таржимон, марҳум Карим Баҳриев Мирза Алиакбар Собирнинг “Хўп-хўпнома” девонини таржима қилди.
Озар адабиётида навоийшунослик йўналиши алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Фаридунбей Кўчарли, Ҳамид Арасли, Паноҳ Халилов, Жаннат Нагиева, Халил Риза Улутурк, Комил Вали Наримон ўғли, Рамиз Асқар, Тарлон Қулиев, Олмос Улвий сингари олимларнинг Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқоти нафақат маҳаллий, балки ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам муҳим адабий воқеликка айланди. Ҳазрат Навоий ижоди Озарбайжонда ўрганилишида филология фанлари доктори Олмос Улвийнинг илмий изланишлари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, таниқли олима ўзбек адабиётига доир 150 дан зиёд мақола ёзган.

Адабиётимиз Озарбайжонда танилиши жараёнига Салим Бобулла ўғли, Шоҳмамад Тоғлар ўғли, Акбар Қўшали, Интиқом Яшар каби шоирлар ҳам муносиб ҳисса қўшган.
Усмон Қўчқорнинг Озарбайжон адабиётидан таржималари жуда салмоқли. Унинг Мирза Жалил, Муҳаммад Ҳодий, Анор, Ҳусайн Жовид, Юнус Ўғуз, Салим Бобулла ўғли, Жаъфар Жабборли каби мумтоз адабиёт вакиллари ижодига мурожаат қилгани эътирофга лойиқ. Хусусан, тилимизга ўгирилган Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”, “Амир Темур”, “Шайх Санъон” асарларини Ўзбекистон адабий муҳити жуда илиқ қарши олди. Шу тариқа адабий алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.

Бобохон Муҳаммад Шарифнинг замонавий озарбайжон адабиётидан қилган таржималари салмоғи жиҳатидан эътиборга молик. У озарбайжон адибаси Парвин Нуралиеванинг турли насрий асарлари ва ҳикояларини ўзбек китобхонларига тақдим этган, озарбайжонлик машҳур тарихчи ва шарқшунос олим Зиё Буниётовнинг Марказий Осиё тарихига оид йирик, қимматли “Ануштегиний – Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231)” фундаментал тарихий асарини ўзбек тилига ўгирган.
“Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 16 жилди озарбайжон адабиётига бағишлангани алоқаларимиз нечоғли бойлигидан дарак. Буюк Ганжавий битикларидан бошланган ушбу меҳнат маҳсули Фузулий, Насимий, Ҳайрон хоним каби мумтоз адабиёт вакиллари, шунингдек ХХ асрда ижод қилган атоқли адиблар Мамедсаид Ўрдубодий, Муҳаммад Ҳодий, Юсуф Чаманзаминли, Жалил Маматқулизода, Самад Вурғун, Мирза Иброҳимов асарлари билан давом этади, замонавий озар адабиёти ёрқин вакиллари Анор, Салим Бобулло ўғли, Рамиз Равшан, Акбар Қўшали ва бошқа кўплаб ижодкорлар қаламига мансуб асарлар билан якунланади.

Бугун Ўзбекистонда озарбайжон адабиётининг Тоҳир Қаҳҳор, Дилбар Ҳайдарова, Маматқул Ҳазратқулов, Рустам Жабборов, Шаҳло Қосимова, Раҳмат Бобожон каби фаол таржимонлари бор.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Яшар Қосим 2025 йил нашр қилинган “Янги ўзбек шеърияти жилолари” китобида ўтган аср 70-90-йиллари ўзбек шеъриятини тадқиқ этиб, йигирмага яқин шоир ижодини таҳлил қилган.
Бугунги кунда ўзбек адабиётини фаол тарғиб этаётган кўплаб озар адабиётшунос, шоир, ёзувчи ва таржимонлари, хусусан Анар, Олмос Улвий, Рамиз Асқар, Акиф Азалп, Акбар Қўшали мамлакатимиз Ёзувчилар уюшмаси, юртимизда Озарбайжон билан адабий алоқани ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган ўзбек ижодкорлари, хусусан Хайриддин Султон, Исмат Кўчиев, Рисолат Ҳайдарова, Ғайрат Мажид, Хосият Рустамова эса қардош эл Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолигига қабул қилинган.

Таниқли шоир, таржимон Тоҳир Қаҳҳор Озарбайжон халқ шоири Халил Ризо шеърлари таржимаси учун ўтган йил Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди.
Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор, таниқли таржимон Рамиз Асқар, шоир Акиф Озалп Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Сайид ҳамда ёзувчи ва публицист Исмат Кўчиев адабий ришталарни ривожлантириш йўлидаги хизмати учун Бокуда “Озарбайжон дўсти” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистонлик ёш шоирлар ҳар йили Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган шеърият фестивалида иштирок этиб келади.
2026 йил ТуркСОЙ ташаббуси билан Озарбайжонда “Воқиф шеърияти кунлари” доирасида бўлиб ўтган Туркий дунё ёш шоирлари фестивалида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ислом Али 1-ўринни қўлга киритди. Мазкур анжуманда ёш ўзбек шоираси Мадина Норчаева, ёш қорақалпоқ шоири Оллоёр Дарменов ижоди юқори баҳоланди.

Хуллас, кўп асрлик ўзбек-озар адабий ҳамкорлиги бугун тарихан жуда фаол даврни бошдан кечирмоқда. Эзгу ниятимиз – абадий дўстликка айланган бу адабий алоқалар мудом ривож топаверсин.
Абдуғафур Маматов, ЎзА