Тарихий мерос ва маънавий қадриятлар сари саёҳат
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат техника университети Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва фаол ёшлардан иборат делегация учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди.
Саёҳатдан кўзланган асосий мақсад иштирокчиларни мамлакатимиз тарихи, бой маънавий-маърифий мероси, муқаддас қадамжолари ва замонавий бунёдкорлик намуналари билан яқиндан таништириш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Дастлаб делегация Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, юртимиз ҳудудида шаклланган цивилизация, аждодларимизнинг илм-фан ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини акс эттирувчи экспозициялар билан танишди. Мултимедиа технологиялари асосида ташкил этилган кўргазмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Экскурсия давомида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган бўлимларда буюк алломаларнинг илмий мероси, Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва меъморчилик тараққиёти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Учинчи Ренессанс ғояларига бағишланган экспозициялар ҳам кўздан кечирилди. Делегация Муқаддас Қуръони карим залидаги ноёб қўлёзмалар билан ҳам танишди.
[gallery-30609]
Маънавий-маърифий саёҳат Самарқанд шаҳрида давом этди. Делегация “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда тарихий-меъморий мажмуаси ҳамда Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Самарқанд шаҳридаги уй-музейи ва мақбарасида бўлиб, унинг мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиёти йўлидаги хизматлари ҳақида маълумот олди.
Саёҳат иштирокчилари тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва маданий мерос объектлари билан яқиндан танишиб, юртимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА