Ўзбекистон ва Гамбия: туризм соҳасида янги ҳамкорлик уфқлари очилмоқда
Мамлакатимиз сўнгги йилларда халқаро туризм бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда дунёнинг турли минтақалари билан ҳамкорлик географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу жараёнда Африка қитъаси давлатлари билан ҳам алоқалар тобора фаоллашиб бормоқда.
Ана шундай ҳамкорликнинг яна бир муҳим қадами сифатида Ўзбекистон ва Гамбия ўртасида туризм соҳасидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалонов ҳамда Гамбия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алкали Фанка Контекс ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда туризм соҳаси давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий муносабатларни мустаҳкамловчи муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Гамбия ўртасидаги ҳамкорлик нафақат туристик алмашинувни кўпайтириш, балки халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва замонавий туристик имкониятларини Гамбия бозорида кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун қўшма маркетинг ташаббусларини амалга ошириш, «роуд-шоу» тақдимотларини ташкил этиш, халқаро туризм кўргазмаларида биргаликда иштирок этиш ҳамда янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Бундай ёндашув ҳар икки мамлакат туризм бозори учун янги имкониятларни яратади. Айниқса, маркетинг ҳамкорлиги орқали Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби дунёга машҳур тарихий шаҳарлари, зиёрат туризми, экотуризм ва гастрономик туризм салоҳиятини Африка минтақасида кенгроқ танитиш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, Гамбия ҳам Атлантика океани соҳиллари, миллий боғлари ва ўзига хос маданияти билан ўзбекистонлик сайёҳлар учун янги туристик йўналиш сифатида қизиқиш уйғотиши мумкин. Бу эса икки томонлама туристик алмашинувни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.
Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, туризм соҳасидаги ҳамкорлик фақат сайёҳлар оқимини ошириш билан чекланмайди. У транспорт, меҳмонхона бизнеси, хизматлар соҳаси, ҳунармандчилик, миллий маҳсулотлар экспорти ва инвестициявий лойиҳалар ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис Ўзбекистоннинг янги бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш сиёсати иқтисодий нуқтаи назардан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Гамбия ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик икки мамлакат учун янги имкониятларни очиши, туристик алмашинувни кенгайтириши ҳамда халқаро майдонда ўзаро ҳамкорликнинг яна бир самарали йўналишига айланиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА