Тарих силсиласида инсон қадри
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида “Тарих силсиласида инсон қадри” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова иштирок этиб, ўқувчиларга мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот берди.


Суҳбат давомида “инсон қадри” тушунчасининг тарихий тараққиёт босқичларидаги аҳамияти, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши фожиалари инсонни олий қадрият сифатида эъзозлашга ундагани таъкидланди.

Тадбирда ёшларни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан иштирокчиларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан шараф ленталари тарқатилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири