Қишлоқ хўжалиги учун ҳам “нажот илмда” (+видео)
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамиша барча соҳаларда бўлгани каби, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликда илмга асосланиш ғоясини илгари суради, уни амалиётга тадбиқ этади. Бунинг натижаси Фарғона вилояти мисолида ҳам яққол кўринди. 2025 йилда пахтадан ўртача ҳосилдорлик 53,5 центнерга, ғалла эса 83 центнерга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 400 млн.доллардан ошди. Ҳолбуки, кечагина бу рақамлар фақат орзу эди.
Қува туманининг Турк маҳалласида “Қуваагростар” томонидан “Агрокомплекс” ташкил этилди. Лойиҳа қиймати 19,5 млрд.сўм эди. Унга 130 гектар ер майдони бириктирилди. Унинг таркибида иссиқхона, кўчатлар парваришига ихтисослашган “Питомник” лойиҳаси, совуқхоналар, “Агросаноат мактаби” ва кичик ишлаб чиқариш цехи фаолият олиб бормоқда. “In-vitro” лабораториясида эса 500 минг дона кўчат таҳлил қилиниб, улаш ва кўпайтиришга хизмат қилади. Агромажмуа тупроқ таркибидан то маҳсулот истеъмолчи дастурхонига етгунча бўлган жараённи тадқиқ қилади ва ривожлантиради.

– Тупроққа қараб уруғларни келтирамиз. Об-ҳаво, иқлимни ўрганиб кўчат навини танлаймиз. Боғларни реконструкция қиламиз, – дейди уруғчилик, кўчатчилик ва илмий-тадқиқотлар бўлими бошлиғи Ғолибжон Рўзибувоев.

Мутахассислар камтарона айтаётган бу гаплар ортида бир олам меҳнат туради. Аввало, жаҳон бозоридаги харидоргир навлар ўрганилади, олиб келинади, маҳаллий навларга улаб кўпайтирилади. Шундан кейингина аҳолига, боғбонга тавсия этилади.

– Нордон гилосни органик етиштириш бўйича 100 гектарлик боғ қилганмиз. У ерда нордон гилос етиштириб “шок” усулида тайёрлаймиз. Келгусида бу тажрибани мамлакат бўйлаб ёямиз, – дейди Ғолибжон Рўзибувоев.

Агрокомпекснинг йиллик товар айланмаси 5 млн.долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳа ҳудудда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Айни кунларда Ўзбекистон–Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилиши доирасида Гонгконгда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда “Қуваагростар” корхонасининг “Dehkan” бренди остидаги маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда. Илм туфайли йўлга қўйилаётган боғдорчилик жаҳон бозорида ўз маҳсулотлари билан тилга тушяпти.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e1ukiWDGhjA" title="Qishloq xo‘jaligi uchun ham “najot ilmda”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА