Танзила Норбоева: Барқарор иқтисодий ўсиш хорижий давлатларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка интилишини кучайтирмоқда
Сенат ялпи мажлисида мамлакатимизнинг халқаро миқёсда тутган ўрни, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришаётган ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани таъкидланди.
Халқаро валюта жамғармаси эътирофига кўра, юқори иқтисодий фаоллик орқали мамлакатимиз кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолмоқда.
– Жорий йилда нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик, — деди Сенат раиси Танзила Норбоева. – 4 май куни Самарқандда Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишида ҳам ислоҳотларимиз кўлами, натижалари ва истиқболлари халқаро ҳамкорларимиз томонидан юксак баҳоланди. Бундай юксак эътирофлар хорижий давлатларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка интилишини кучайтириши табиий.

Биргина мисол: яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган Чехия ҳукумати раҳбари Андрей Бабиш Чехия компанияларининг мамлакатимиз бозорига интилиши кучайиб бораётганини таъкидлади.
Бундай эътирофлар куни кеча Бухорода 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакилларини жамлаган Осиё хотин-қизлари иккинчи форуми ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг мажлисида ҳам янгради.
Айтиб ўтиш керакки, муваффақиятли ўтказилган мазкур нуфузли анжуман хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтиришга қаратилди. Аёллар масалаларига доир минтақавий ва глобал миқёсдаги муҳим тенденциялар, чақириқлар муҳокама қилинди, иқлим ўзгаришлари, камбағаллик, тенгсизлик ва турли камситишларга қарши самарали ечимлар хусусида фикр алмашилди.
Олима аёллар иштирокида эса илмий йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, стартап лойиҳаларни жорий этиш каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Осиё хотин-қизлари иккинчи форуми якунлари бўйича аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, ижтимоий ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида иштирокчиларнинг якдиллиги ва хайрихоҳлигини баён қилувчи Бухоро декларацияси қабул қилинди.
Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи хотин-қизлари мулоқоти якунлари бўйича эса иккинчи ҳужжат – Олима аёлларнинг илмий ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган Коммюнике қабул қилинди.
Мазкур халқаро ҳужжатлар нафақат Осиёда, балки бутун дунёда аёллар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, илмий-маърифий фаоллигини оширишга доир замонавий ёндашувлар ва амалий механизмлар шаклланишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА